Норин-Ҳаққулобод ИТБ бошлиғи З. Исоқов мансаб мавқеини суистеъмол қилиб, бўлим қурилиш-таъмирлаш ишлари муҳандиси У. Бегалимов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган. Бир гуруҳ бўлиб, бажарилган ишлар далолатномаларига такроран сохта ёзувлар киритганлар-21.689.674 сўмлик дизель ёнил­ғиси, 3.952.366 сўмлик цементни қўшиб ёзганлар. 1.956.730 сўмлик дизель, бензин, газ ёқилғиларини асоссиз равишда ҳаражатга чиқарганлар. Бу билан ўзларига ишониб топширилган ўзганинг пул- маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб, бюджет манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлишган.

Бундан ташқари З. Исоқов ўзига, ходимларига иш ҳақи ва мукофот пулларини нотўғри сарфланишига йўл қўйган. Оқибатда 2.301500 сўм иш ҳақи талон-тарож қилинган.

Шунингдек, У. Бегалимов собиқ бўлим бошлиғи Б. Набижонов билан юқоридагидек жиноий ишларни амалга оширгани текшириш чоғида фош этилди.

Уччовлон эндиликда айбларига яраша жазо олишди. Аниқроғи, З. Исоқов 3 (уч) йилга, У.Бегалимов 2 (икки) йилга, Б. Набижонов 2 (икки) йилу олти ойга ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилиндилар. Иш ҳақларининг йигирма фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинади ва улар давлат улуши бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан икки йилга маҳрум қилиндилар.

Ким ҳалолликдан юз ўгирса, нопок йўлга юрса, албатта жазога гирифтор бўлади. Худди юқоридаги шахслардек.

Ҳақ НАЗАР.