ОҒУФУРУШ ҚЎЛГА ТУШДИ
Шукурхон Нуриддинов Чуст туманининг Тепақўрғон маҳалласида яшайди. Эндигина йигирма тўрт ёшга кирди. Лекин ҳаётдан ўзининг муносиб ўрнини топишга астойдил интилмади. Аксинча, жиноят кўчасига кириб қолди. У 2011 йили суднинг қора курсисига ўтирди. Уч йил муддатга савдо ва воситачилик тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига тортилди. 10.766.400 сўм жарима ҳам тайинланди. Минг афсуски, у булардан тегишли хулоса чиқаролмади, яна жиноятга қўл урди.
Энг ёмони, гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлди. Қабиҳ ният билан Шўрқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ташландиқ ерда ўсган ёввойи нашаларни юлиб келиб, одамларнинг кўзидан пана жойда, яъни тутзорнинг ораларида сақлади. Ундан марихуанна тайёрлади. Ўзи чекиши қолиб, бошқаларгаям сотишга уринди. Шу йилнинг 15 мартида ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган "назорат харид" тадбирида қўлга олинди.
Воқеа қуйидагича кечди: ғовалик Иброҳим Эсоналиев Шукурхонни танигани, нималар билан шуғулланишини билиб, гўё харидор бўлди. Улар Чуст шаҳридаги "Табака" ошхонасида учрашишди, битта гугурт қутидаги нашани 150.000 сўмга сотишни айтгач, олишга розилик билдирди. Шукурхон оғайниларини ошхонада қолдириб, ўзи ўртоғи Одилнинг "Нексия" машинасида бориб яшириб қўйган гиёҳванд моддани даладаги тутзорлар орасидан олиб келди. Иброҳимга сотди, пулни чўнтагига солди. Ташқарига чиқиб эндигина машинага ўтирган эди ҳамки кўзи ўзи томонга келаётган ички ишлар ходимларига тушди. Ўша заҳотиёқ жуфтакни ростлаб, "Деҳқон бозори" ортига беркинди. Катта ариқнинг олдига бориб, ҳавфсизлигига ишонч ҳосил қилгач, юз- қўлларини ювиб, савдодан тушган пул далил бўлмаслиги учун майдалаб сувга оқизиб юборди. Сўнгра, хотиржам тортиб, тоғасининг уйига бориб яширинди.
Ҳушёр милиция ходимлари унинг изини яна топишди. Орқама - орқа етиб боришиб, ўша жойда оғуфурушни қўлга туширишди. Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди Шукурхон Нуриддиновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб ҳисоблади. Унга 3 (уч) йилу 4(тўрт) ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Гиёҳвандлик касалига мубтало бўлган бу шахсни айни пайтда мажбурий даволашга юборилиши ҳам белгиланди.
НАФС ҚУТҚУСИ
Абдулло Акрамжоновни маҳкумга айлантирди.
Наманганлик Абдулло Акрамжонов ёши қирққа бораётгани, 4 нафар фарзанднинг отаси бўлишига қарамай, гиёҳванд модда қабул қилишга ўрганган, спиртли ичимликлар ичишга рўжу қўйган. Охир- оқибат қабиҳ кимсага айланган. Фақат ўзинигина эмас, ўзгаларнинг ҳаётига ҳам гиёҳванд моддалар билан хавф солишига етиб борган. Разил ниятларини амалга оширишда унинг қирғизистонлик ҳамтовоқлари "ёрдам" берган. Айниқса, Ширин қассоб исмли оғуфуруш энг яқин таъминотчисига айланган.
Шу йил август ойида Абдуллога навбатдаги "товар" етказилади. Уни Ширин қассобнинг нотаниш одами, Қирғизистон Республикаси фуқароси божхона назоратини четлаб ўтказиб, контрабанда йўли билан мамлакатимизга олиб киради. У 300 АҚШ доллари эвазига бу ишни амалга оширади. Энди бу ёғидаги вазифа Абдуллонинг зиммасида эди.
Наркобизнесчи хуфия савдодан мўмай даромадни қўлга киритиш илинжида дастлаб "товар"ни Янгиқўрғон туманидаги Исковот қишлоғи ҳудудидаги хилват экин майдонига яшириб қўяди, кейин харидор излайди. У наманганлик Отабек Жўраев билан учрашиб, товарни таклиф этади. Баҳосини 2.250 долларга келишишади.
Отабек эса ҳушёрлик қилиб, бу ҳақда Миллий хавфсизлик хизмати идорасига ариза беради. Ўзи "Жигули" машинасида Абдулло билан бирга айтилган жойга боради. Товар билан қайтишаётганида аввалдан хабардор бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимлари Исковот ҚФЙ марказида кутиб туришган эди. Жиноятчидан гугурт қути шаклидаги 130 бўлакдан иборат гашиш чиқди. Оғунинг оғирлиги 1752,62 граммга тенг экан. Бу кўп миқдордаги гиёҳванд модда ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди Абдулло Акрамжоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246- моддасининг 2-қисми, 273- моддасининг 5- қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Гиёҳвандфурушни 14 (ўн тўрт) йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Ҳақ Назар.