У шу жамоада кўп йиллардан буён бош врач эди. Обрў-эътиборга яхши ишлаши, зиммасидаги вазифаларга виждонан ёндошиши туфайли эришганди. Лекин кейинги йилларда давлатнинг бюджет маблағлари тасарруфида камомадга йўл қўйиб, талон-тарож этишдан чўчимади. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, бош ҳисобчи билан олдиндан жиноий тил бириктириб, ўриндошлик асосида уч нафар ходимга бажармаган ишлари учун ҳам 4.126.965 сўм ортиқча ҳақ тўлаб юборган. Яна жиноий ҳаракатларини давом эттираверган. Бош ҳисобчи, кадрлар бўйича мутахассис ҳамда хўжалик бўлими мудирига қўшимча бажарган вазифалари учун уларга белгиланган иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши лозимлиги унутилиб, тўлиқ иш ҳақи ҳисобланиш оқибатида 1.780.494 сўм бюджет маблағи нотўғри сарфланган.
Юқоридагилар етмаганидай, хотамтойликни тағин тўхтатмаган. "Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида"ги Низомнинг 13-бандида "Тиббиёт муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини бир йўла мукофотлаш муассасани ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун унга бир лавозим маошига миқдорда мукофот тайинлаш йўли билан амалга оширилади" деб кўрсатилган талабларини қасддан қўпол равишда бузган, аввало ўзига, сўнг бош ҳисобчига, кадрлар бўйича мутахассисга, хўжалик мудирига, яна 4 нафар ходимга 7 ҳолатда бир ойлик маошидан ортиқча жами 1.155.420 сўмлик мукофот пуллари тўланиши оқибатида камомад қилинган. Худди шундай ҳолатни такроран содир этиб, ишда ҳеч қандай ўрнак кўрсатмаган шахсни ҳам мукофот билан сийлаб, диспансернинг 670.760 сўм пулини йўқотган.
Булардан ташқари у ўзига ўзи "хотамтойлик"ни ҳам қойиллатворган. Бир марта 1.330.040 сўм, иккинчи бор 1.108.800 сўм жами 2.438.840 сўм мукофот олган. Аслида бу вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан амалга оширилиши керак эди.
Қонун-қоидани менсимаслик шу даражага етганки, бош ҳисобчи ва ҳамшира билан олдиндан жиноий тил бириктириб, диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик ҳақидаги маълумотлар учун 3997 нафар фуқародан белгиланган тарифга асосан олинган ва йиғилган жами 15.897.600 сўм пул-маблағни муассаса ғазнасига кирим қилмасдан, банк муассасасига топширмасдан ўзлаштиришдан ҳам тап тортмаганлар. Бундай жиноий хатти-ҳаракатларнинг бошқача турларигача текширишда ошкор бўлган. Чунончи, муассаса учун жиҳозларни биржа орқали қиммат-қиммат нархларда сотиб олинганига нима дейсиз?
Битта раҳбарнинг юқоридаги ўзбошимчалиги, қонун олдидаги жавобгарлигини ҳис қилмаслиги давлат бюджетидаги 31.525.525 сўм пул маблағни такроран ўзлаштириш ва камомад билан талон-тарож қилишига олиб келган. Бу хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми "б, в, г" бандларида кўрсатилган жиноятлар экани маълум. Бироқ, мамлакатимиздаги инсонпарварлик, кечиримлилик тамойиллари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қабул қилган амнистия тўғрисидаги қарорга мувофиқ бу раҳбар жиноий жавобгарликдан озод этилди. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди шу ҳақда ажрим чиқарди.
Раҳбарнинг жиноят ишини ҳаракатдан тугатилиши унинг беайб дейилгани эмас. Зарарлар ундирилди. Ўзи эса бош врачлик вазифасидан бўшатилди.
Кечиримлилик - сабоқ чиқаришга берилган имконият аслида. Ўйлаймизки, бошқа даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари учун бу ҳолатни ошкорлашимиз ҳалолликни унутмасликка, давлат маблағлари эвазига "хотамтой"ликнинг оқибати уқубатли эканини эсдан чиқармаслик зарурлигини уқтиришга хизмат қилади.
Ҳақ НАЗАР.