Мусо Йўлдошев эллик бир ёшда. Уч фарзанднинг отаси. Бу ёшда кўпчилик ақли қуюлиб, оқ-қорани яхши ажратадиган бўлиб қолади. Оиласи, фарзандлари шаъни учун курашади. Ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилади. Умрини эзгу ишларга бағишлайди. Бироқ, Мусо бундай қилмади. Аввалроқ ҳам икки бор судлансада, тавбасига таянмади. Жазолардан тўғри хулоса чиқармади. Маънавий бузғунчи шахсларга ёндошди. Яъни у М. Акбаров томонидан ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари ташкил этилган "яширин жамоат" йиғилишларида қатнашди. Жиноий шериклари К. Шарипов, З. Абдуллаев, Х. Мараҳимов, А. Усмонов, И. Турғунов, М. Юсуфбоев, А. Мирзааҳматов, А.Тожибоев, А. Шарипов, А. Акбаров ва Н. Усмоновлар билан биргаликда "устози"нинг баридан ушлади. Ғоявий бузғунчи кимса - М. Акбаров йиғинларда давлатимиз сиёсатини қораловчи фикрлар билан унинг онгини заҳарлади. Мусо хижрат, жиҳод ва шаҳидликнинг "афзаллик"лари уқтирилган диний-экстремистик мазмундаги даъватларни қўллаб- қувватлади. Диний ўқишхонликнинг ноқонуний эканлигини била туриб, мунтазам равишда яширин жамоа сафида юрди.
Иккинчи шахс Неъматилла Усмонов ҳам асли ёш бола эмас, 4 фарзанднинг отаси. Салкам элликка борса-да, ҳамон тўғри йўлни танлай олмаганидан ўзини бадном қилиб қўйди.
У ҳам М. Акбаровнинг тузоғига илинганлардан. 2009 йилнинг кузида танишиб, гўё унинг "муриди"га айланиб қолган. Диний сабоқ ниқобидаги экстремистик ғоялар таъсирида боши берк кўчага кирган. Охир-оқибат суд курсисига келиб ўтирди. У "Туркистон исломий ҳаракат" терорчилик ташкилотида тайёрланиб телефон аппаратига ёзилиб, тарқатилган даъватномани шериклари билан тинглаган. Диний ниқобдаги маърузаларда илгари сурилган бешафқатлик ва террорчиликка ундовчи ғояларнинг қулига айланишни хоҳлаган. Бироқ, унинг боши гўё деворга урилди. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ҳушёр ходимлари экстремистик кайфиятдаги гуруҳ аъзоларининг фаолиятини фош этишди.
Яна бир элу юртга хиёнатнинг, давлат сиёсатига қарши ғаразли хатти-ҳаракатининг пайи қирқилди. Наманган шаҳрида яшовчи яширин гуруҳнинг бу икки аъзоси айбига яраша жазосини олди. Аниқроғи, Мусо Йўлдошев 8 (саккиз) йилу 4 (тўрт) ой муддатга, Неъматилла Усмонов 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Бу кимсалар ота-онаси-ю, бутун оиласига доғ туширгани ачинарли. Шундай озод ва обод Ватанда уларга нима етишмасди. Тузини еб, тузлуғига тупуриш эмасми уларнинг кирдикорлари. Зора, маҳкумлик йилларида ақлларини пешлаб, хатоларини чуқур англаб етишса, икки адашган, ношукур банда? Ўшанда ҳеч бўлмаса, фарзандлари юзига тик қарашга ярармидилар.
Ҳақ НАЗАР.