Янгиқўрғон билан Олабуқа туманлари қўшни. Икки давлат фуқаролари у ёқ, бу ёққа қонуний йўллар билан ўтишларини таъминловчи ҳуқуқий кафолат яратиб қў­йилган. Афсуски, баъзи кимсалар, яъни Ширин қассоб билан Қаюм Юнусовга ўхшаганлар танишликдан, "дўст"ликдан қинғир ишларда фойдаланиб қолишга интилишарди. Ширин қассоб жиянини Наманганда даволатиш учун Қаюмдан ёрдам сўрайди. У танишлари орқали қирғиз дўс­тининг бошидаги ташвишини аритишга кўмаклашади. Операция туфайли соғлигини тиклаб олган жияни тоғасига ёрдам гали энди уникилигини айтади. Албатта, Ширин қассоб бунга шай эди. Мўлжалиям аслида "контрабанда" йўли билан гиёҳвандлик моддасини келтириб сотиш эди. Икки шахс телефонда келишишади. Ниҳоят, товар етказиб бериладиган вақт келади.

Заркент қишлоғининг Поромон томонга кетиш йўлидаги коттежлардан бирида Қаюмни Шириннинг одами кутарди. Бу хабарни телефонда эшитгач, Наманганда яшовчи Қаюм киракаш Ойбек Дедахоновни 40.000 сўм эвазига Янгиқўрғонга олиб бориб, яна келтириб қўйишга ёллайди. Улар айтилган манзилга айтилган вақтда оқ "Нексия"да етиб боришади. Қаюм товарни қўйнига яшириб, машинага ўтиради. У ғоят хурсанд эди-ю, кўп ўтмай ҳаммаси барбод бўлди. Янгиқўрғон-Наманган йўналишидаги 1-назорат ўтказиш пос­тидагилар машиналарга тўхташ ишорасини беришди. Улар бу шунчаки текшириш деб ўйлашганиди. Бир зумда миллий хавф­сизлик хизмати ходимлари ўзларини таништиришгач, шубҳаларини ошкорлашди. Холислар иштирокида тинтув ўтказишга киришилди. Қаюмнинг чарм курт­каси ичига яширилган сариқ целофан скочли 2 та тўрт бурчак шаклдаги ўткир ҳидли, қотирилган тўқ жигарранг нарса гиёҳванд модда бўлиб чиқди. Ўткир кўзли ходимларнинг назаридан автомашина магнитафони тагидаги қайчи ҳам қочиб қутилмади. Экспертиза шуни тасдиқладики, бу матоҳда гиёҳванд гашиш юқлари сақланиб қолган экан.

- Қайчи кимники? - сўрашганди текширувчилар.

- Меники, - деганди бепарво оҳангда Қаюм Юнусов.

Демак, у бундай иш билан биринчи шуғулланиши эмас. Далиллар тасдиғини рад этадиган сабабнинг ўзи йўқ. Ёнидан топилган 822,66 грамм гашиш яна қанча-қанча одамни заҳарлаши мумкин эди. Яхшиямки, бунинг олди олинди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди айбдорга 11 (ўн бир) йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Ҳа, ҳеч бир қинғир иш изсиз кетмайди. Ҳатто кичик доғ ҳам катта жиноий ишларнинг очилишига калит сифатида хизмат қилади. Бизнинг орамизда гиёҳвандларга ҳам, гиёҳвандфурушларга ҳам асло ўрин йўқ. Улар соғлом турмуш тарзининг хавфли душманларидир.

ҲАҚ НАЗАР.