Нима қилган эди, деб қизиқяпсизми? Келинг, яхшиси бир бошдан тушунтирайлик. Ширкат хўжаликлар тугатилгач, унинг мол-мулки нархланиб, сотувга қўйилганидан хабарингиз бор, албатта. Ана шу пайтда Обобакирга ўхшаган нафсининг қулига айланган раҳбарлар элнинг кўзини шамғалат қилиб, хуфия савдо-сотиқдан фойдаланиб қолиш пайигача тушишди.
Чунончи, 1979 йилда қурилган 40.057.362 сўмга баҳоланган автопарк биноси агрофирма таъсисчиларининг розилигисиз, ҳеч қандай ҳужжатсиз дастлабки терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахсларга Обобакир томонидан сотиб юборилган. Савдо пули ҳатто агрофирмага кирим қилинмаган. Бинолар бузиб олиб кетилган.
Фақат шу билангина чекланилмаган. Аксинча, қўлга нима илинса, ундан наф кўриш "касали"га мубтало бўлган раҳбар фирма балансидаги 92 та тракторни ишга яроқсизлиги туфайли таъсисчилар қарорига кўра ҳисобдан чиқарган, металломга топшириш чоғида 18 тоннаю 458 кило, яъни 1.640.450 сўмлик метал чиқиндиси олиб қолиниб, ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинган.
Олғир раҳбар фирма механиги Ашурали Қодировга ноқонуний кўрсатма бериб, 2013 йилда бир неча тишли борона, СМХ-4 русумли чигит экиш сеялкалари ва бошқа техникаларниям талон-тарож этиб юборган.
Ҳожиевнинг салбий ҳаракатлари янада қуюшқондан чиқиб бораверган. Ғаллачилик агрономи Тоҳиржон Зуҳриддинов билан таниш-билишчилик қилиб, уй-жой учун ер участкалари беришликка тил бириктирган. Ҳеч қандай ҳужжатсиз агрофирма ҳудудидаги "Малик Мирзо Султон" фермер хўжалигининг 5 нафар фуқаросига ер ажратилишига сабабчи бўлган. Бундай хатти-ҳаракати шу билан тўхтамаган. Марказий таъмирлаш устахонасининг ғарбий қисмидаги дала томорқа ерлариниям бир неча кишига уй-жой қуришга ноқонуний равишда бериб юборган. У "Мушук бекорга офтобга чиқмайди" нақлини яхши билса керакки, бундай хотамтойликка қўл урганда!..
Агрофирмадаги ҳисоб-китоб ишлари мутлақо қониқарсиз. Ундирилмаган ҳақдорлик миллион - миллион сўмлаб ётаверган. Бу ёқда эса ишчи-хизматчилар ойлик маошларини олишолмаган. Солиқдан қарзлар ҳам болалаб кетаверган.
Жинояти фош этилди-ю, раҳбарнинг кирдикорлари очилдию, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан аминистия тўғрисида" ги қарори О.Ҳожиевнинг жонига оро кириб қолди. Лекин у энди кўзини каттароқ очмаса бўлмайди. Акс ҳолда ҳеч қандай жиноятни яшириш мумкин эмас.