Асли самарқандлик эру хотин Ином Сатторов билан Зебо Рўзиева Тошкент вилоятининг Зангиота туманига келишиб, бир чиройли ишлаб юришарди. 2015 йилнинг апрель ойларида оналари М. Рўзиева "Туркияга бориб, катта пул топсаларинг бўлмайдими?" дея уларнинг қулоғини қиздириб қўяди. Зебо у ерда акаси меҳнат қилаётгани учун эридан ҳам бу таклифга розилик олади. Энди асосий масала хорижга чиқиб кетиш эди. Бунинг учун виза олиш шартлиги уларнинг бошини қотиради. Тезроқ визага эга бўлишни хоҳлашарди. Шундай пайтда яна қайнонаси "ташаббусни" қўлга олади. "Визасиз ҳам кетишларинг мумкин" дейди гўё осондай. Яъни Қирғизистон орқали. Бу борада танишлари ёрдам беришини ҳам айтади.

Эру хотин Тошкентдан Фар­ғонага отланишади. Қариндош уруғларидан яна А. Рўзиева, Ф. Рўзиева ва З. Рўзиевалар ҳам уларга қўшилишади."Ишбилармон" қайнона М. Рўзиева Водилга етиб бориш учун танишларига телефон қилади. Дарров "Ласетти" ва "Тико" минган Бахтиёр Аминжанов билан Илҳом Мирзараҳимов етиб келишади. Ҳар бирларининг 80 минг сўмдан жами 480 минг сўмга чегарадан айланма йўллар орқали Қирғизистон ҳудудига ўтказиб қўйишга ваъдалайдилар. Водилда уларни Тамара исмли аёл кутиб олади. Чегарадан ўтказиб юборади.

Эру хотин Бишкек аэропортида Туркияга учиб кетишмоқчи бўлиб турганларида миллий хавф­сизлик ходимлари томонидан ушланади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди Иномжон Сатторов, Зебо Рўзиева, Бахтиёр Аминжонов ва Илҳом Мирзараҳимовларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний жазо чораларини қўллади. Эру хотиннинг бирига 6 йил, иккинчисига 5 йил қамоқ жазоси тайинланди. Уларга кўмаклашган ҳайдовчилар эса 3 йилданга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиндилар.

Эгри йўл ҳамиша кишининг бошини эгиб қўяди. Буни асло унутмаслик зарур.

ҲАҚ НАЗАР.