- Сизларда чекишга топиладими?-деди гаплари гапларига қовушаётганидан қувониб.

- Кучлисиданми?-деди меҳмонлар ҳам унинг ниятини пайқашиб.

-  Албатта.

-  Нархиям баланд бўлади-да.

-  "Товар"га яраша тўлайвераман.

-   Фақат озгина кутасиз.

-  Майли.

Полвон билан Қидр бир-бирларига маъноли қарашди.

-  Қўрқма, ҳалигидан узатвор-чи? - деди. Полвон шеригига.

Қидр  ички чўнтагини ковлаб, Обиднинг қўлига кичкина қоғозга ўроғлик нарсани секингина тут­қазди. Улар бир-бирларининг телефон рақамларини олишиб, мамнун кайфиятда ташқарига чиқишди.

- Чекиб кўрасиз, ёқса гаплашамиз. Қанча керак бўлса, шунчани ўзимиз келтириб берамиз.

- Хўп, ҳозирча 1200 долларим бор, шунга оламан, кейин ҳам алоқани узиб кетмайман...

Орадан кўп ўтмай, 100 грамм гиёҳвандлик моддаси олди. Ке­йин эса иштаҳаси баттар очилиб кетди. Буюртмани катта беришга тушди. Кунлар ўтиб, Полвон 1 кило "юк" билан келаётганини телефонда айтди. Ниҳоят, Обид ҳамтовоқ дўсти Исоқ билан Наманган шаҳридаги "Меҳмондўст" ошхонаси олдида хожатбарор  гиёҳвандфурушларни кутиб олди. Бир олам шодлик туюшиб ўзларича ширин хаёлларга ғарқ бўлиб туришганида тарвузлари  қўлтиқларидан тушди. Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уларни қўлга олди. Рад этиб бўлмас далиллар билан айблари исботланди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан ҳар икки жиноятчи, яъни Обид Исмоилов билан Исоқ Норматовга нисбатан қонуний жазолар тайинланди. Улар узоқ муддат панжара ортида ўтиришга ҳукм қилиндилар. Хавфли ҳамтовоқларнинг жойи бундан бошқа бўлиши мумкин эмас. Чунки, гиёҳвандлик, гиёҳвандфурушлик жамият учун ўта хавфли. Бундайларнинг пайини қирқиш доимо долзарб иш бўлиб қолаверади.

ҲАҚ  НАЗАР.