Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги муаммоси, айниқса долзарб бўлиб бормоқда, бу хавф­сизлик хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз мулкий ва шахсий номулкий манфаатлари тижорат сири ёки ўзгача сир бўлган ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олиш йўли билан тегишли равишда муҳофаза қилинишини таъминлашдан иборат.

Тижорат сири - тижорат фаолияти билан шуғулланадиган ҳар қандай корхонанинг турли илмий - техникавий, технологик, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек ўзининг тегишли хужжатлари ва ахборотини сир сақлаш хуқуқидир. Шуни кўрсатиб ўтиш керакки, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятида тижорат сири бўлган ахборот ресурслари бошқа моддий ва номоддий активлар сингари салмоқли ўринни эгаллайди.

Бундай ахборот эгалари ўз ваколатлари доирасида ахборотни қайта ишлаш, муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш режими ва қоидаларини мустақил ўрнатишга хақлидир. Бундай тижорат сирининг эгаси тегишли хуқуқ эгаси сифатида ўзининг ахборот ресурсларига қонун хужжатлари билан ўрнатилган доирада эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ваколатларини тўла-тўкис рўёбга чиқариши керак.

Энг аввало бозор рақобати шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш зарурлиги билан белгиланган ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимга солиш ва тақдим этиш масалалари қонун йўли билан тартибга солинишини таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги "Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1572-сонли Қарорини ижро этиш юзасидан "Тижорат сири тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, бошқа қонунлари қоидаларига асосланади ва тижорат сирининг хуқуқий мақомини белгилайди.

Қонуннинг мақсади тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунни ишлаб чиқиш вақтида халқаро соҳадаги муносабатларни тартибга солишга доир қонун хужжатларини таҳлил қилиш натижалари ҳисобга олинди.

Қонуннинг муфассал мазмуни ундан фойдаланиш имкониятини ҳамда хўжалик юритувчи субъект­лар учун бир хил маънода тушунилишини анча кучайтиради.

21 моддадан иборат бўлган ушбу Қонунда "тижорат сири", "конфидент", "тижорат сирининг махфийлиги", "тижорат сирининг мулкдори", "тижорат сири режими" ва бошқа тушунчаларга таъриф берилган.

Қонун нормалари билан тижорат сирига қўйиладиган талаблар, тижорат сири мулкдорининг хуқуқлари белгилаб қўйилган, тижорат сирини муҳофаза қилиш муддати белгиланган, тижорат сири режимини ўрнатиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тартибга солинган, тижорат сирини муҳофаза қилиш, шу жумладан меҳнат муносабатлари жараёнида, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро муносабатларида, тижорат сирининг мулкдори уни конфидентга бериши вақтида муҳофаза қилиш чоралари тавсифланган, тижорат сирини тақдим этиш тартиби ҳамда тижорат сирини тақдим этиш вақтида унинг махфийлигини таъминлаш тартиби белгиланган, тижорат сири билан судда танишиш чегараси ва тижорат сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чегаралари белгиланган.

Қонун ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат режимини ўрнатиш жараёнини хуқуқий тартибга солишни анча яхшилаши мумкин ва у бир қатор янгиликларни ўз ичига олади. Қонун тижорат сирига доир қонунчиликдаги камчиликларни тўлдиради, уни таърифлашга турлича ёндошувларга йўл қўймаслик имконини беради, шунингдек тижорат сири учун махсус режим ўрнатишнинг хуқуқий масалалари бир хил тушунилишини таъминлайди.

"Тижорат сири тўғрисида"ги Қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши, хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратиши, шунингдек ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, инновациялар янада ривожланишига рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Бу эса пировардида иқтисодиётнинг ўсишига ва республикамизнинг равнақ топишига ёрдам беради.

Солижон Мўминов,

вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.