Масъулиятли лавозимда ишлайдиган, аниқроғи, "Ўзсаноатқурилишбанк" Наманган вилоят филиали бошлиғи Ихтиёр Бекмуродов, бошлиқ ўринбосари Бахтиёр Болтабоев, 2-гуруҳ ногирони Муҳаббат Усмоновалардан иборат уюшган жиноятчилар гуруҳининг кирдикорлари ва уларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазо чоралари қўлланилгани фикримизни яққол тасдиқлайди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2016 йил 25 февралдаги мажлиси баённомаси ва ҳукмида қайд этилишича, М.Усмонова банк филиали бошлиғи И. Бекмуродов раҳбарлигида тузилган уюшган гуруҳнинг фаол аъзосига айланган. У гуруҳ манфаатларини кўзлаб, банк филиалидан 2014 йилнинг апрелидан 2015 йил апрелигача, яъни қарийб бир йил давомида бир неча қариндошлари номига 53339,9 минг сўмга тенг бўлган 22.000 АҚШ доллари миқдоридаги чет эл валютасини банк халқаро пластик карточкаларига ўтказиб, тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган кишиларга нақд пулга сотиб, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига ўзлаштириб юборган.

Фақат бугина эмас, худди шундай жиноий ҳолатни "Ипотека банк" орқали ҳам амалга оширган. Судда сўралганда бу пуллар турмуш ўртоғининг валюта жўнатмалари эканини, кейинги банклар билан "ҳамкорлик" қилишига ўзи шахсий тартибда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланишини сабаб сифатида айтди ва кўрсатди. Афсуски, қилни қирқ ёрувчи терговчилар рад этиб бўлмас далиллар билан ноқонуний ҳаракатларини исботлашга эришгандилар. Қилмишларини бирма-бир ёзадиган бўлсак, бир неча қоғозлар тўлиши мумкин. Шунинг учун, даст­лабки жами маблағнинг миқдорини кўрсатиш билангина чекландик.

"Хўш, унинг  пул ўзлаштириш, фойда топиш услуби қандай эди?" деган саволнинг туғилиши табиий. Бу жуда оддий. Ягона мисолни келтириб ўтамиз; у авиакассага билет олмоқчи бўлиб келган фуқароларга "ёрдами"ни таклиф этади. Уларда АҚШ валютаси йўқлиги учун (билет эса долларга сотилади) ўз пластик картасидаги валютаси билан тўлов қилиб беради. Эвазига АҚШ долларининг қора бозордаги қийматида ўзбек сўмини нақд санаб олаверади.

Хуллас, қинғир йўлга кирганларнинг нафслари тобора ҳакалак отаверган. Ниҳоят "Кўза кунда эмас, кунида синади" нақли тўғри чиқди. Охир-оқибат суднинг курсисига уюшган жиноятчилар гуруҳи ўтирди. Уларнинг ҳар бирига катта-катта миқдордаги - 47 миллион сўмдан 53 миллион сўмгача, ҳатто бундан ҳам кўпроқ жарималар солинди.

"Нафсим менинг балодир- ўтдан-чўққа солодир" деган ҳикматона иқрорнома қанчалар ҳаётий ҳақиқатга эгалигини валютафурушларнинг олди-сотти кирдикорлари яна бир бор ойдинлаштириб турибди. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлса ажаб эмас...

ҲАҚ НАЗАР.