Воқеа қуйидагича содир этилган: Камолиддин бундан уч йил муқаддам Наманган шаҳрида яшовчи Алишер Аҳмедов билан танишиб қолади. Унинг аввалроқ "Моҳидил" масъулияти чекланган жамият раҳбари вазифасида ишлаганлигидан, 2009 йилда судланиб, уч йил озодликдан маҳрум этилганидан бехабар эди. "Ака"сига қўшилиб, унга ёрдамлашиб, қўлига унча-мунча пул тушганидан қувониб юрган талаба ниҳоят жиноят кўчасига кирди. Бу фаолияти 2014 йилда бошланди.
- Қирғизистонлик Давлат исмли танишим чегарадан бир нарса олиб ўтиб беради. Сен янгиқўрғонликсан, у тарафларни яхши биласан, ўшани менга келтириб берсанг, сениям қуруқ қўймайман,-дейди Алишер дастёр "ука"сига.
- Яхши-ю, орқасидан гап-сўз чиқмайдими? - Ўзиям қизиқиб қолди Камолиддин.
- Сен ўша томонларга бегона эмассан, ҳеч ким шубҳа қилмайди. Катта нарса эмас, чўнтагингга жойлайсан-да, қайтаверасан,- дея дадиллик бағишлади Алишер.
Камолиддин қирғизистонлик Давлат билан келишилган жойда учрашди. "Марихуана"ни ички чўнтагига яшириб, Наманганга қайтди.
- Қойил, чаққон экансан!-деди "меҳрибон" акаси унинг қўлига хизмат ҳақини бериб.
Қарасаки, анчагина сўмга беш-олти соатда ишлади.
- Яна хизмат бўлса, айтаверасиз, Алишер ака,-деди унинг ишончини қозонганидан қувониб.
Кейин яна шундай, муҳим топшириқларни бир неча бор исини чиқармай бажарди. Ёрдамчи "ука" буюртмачи "ака"нинг ҳамтовоғига айланиб қолди.
Гиёҳвандлик воситаси олди-бердиси инсон бошига кутилмаган кулфатлар келтиришини Камолиддин кейингина билди. 2016 йилнинг 11 март куни Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудига ёндош чегарада янги "дўст"и билан учрашди. Оғу маҳсулотни ёнига сезилмас ҳолатда жойлади-да, "Жигули"да Наманганга қараб йўл олди. Заркент постига келганда тарвузи қўлтиғидан тушди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилди. Унинг ёни кўздан кечирилганида, шубҳа, гумонлар асосли экани ойдинлашди. Икки бўлак пакетга ўралган бири - 494.01 грамм марихуана, иккинчиси 286,78 грамм гашиш ва яна бошқа чўнтагидан 0,65 грамм гашиш гиёҳвандлик воситалари топилди.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди Камолиддин Райимбековни 11(ўнбир) йилга, Алишер Аҳмедовни 12(ўн икки) йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқарди.
Қиссадан ҳисса шуки, гиёҳванд кимса ҳам, гиёҳвандфуруш ҳам ҳеч қачон жазодан қочиб қутулолмайди. Эртами-кечми уларнинг сирлари фош этилиб, айбларига яраша жазо чоралари кўрилаверади.
Ҳақ НАЗАР.