Наманган шаҳрилик Мухтор Халилов билан Маъруф Абдуллаев гиёҳвандлик воситалари олди-соттиси билан шуғулланишга жазм этишганида қилмишлари тезда фош этилишини ҳеч хаёлларига келтиришмаган бўлса керак. Шу йилнинг 2 майида қирғизистонлик Фахриддин исмли шахс 201.26 грамм "гашиш"ни контрабанда йўли орқали Ўзбекистонга олиб ўтган. Янаям аниқроғи, Янгиқўрғон туманининг Равидон маҳалласи ҳудудидаги эски сув омбори яқинига яширишга улгурган. Кейин эса харидор Мухтор Халиловга хабар берган. Чунки улар аввалдан келишишган эди. Яъни 2015 йилнинг декабрь ойида Мухтор Наманган шаҳридаги Чорсу бозорида янгиқўрғонлик Илёс билан танишиб қолади. Ундан гиёҳванд модда сотиб олишда ёрдам беришини сўрайди. Шунда Илёс қирғизистонлик Фахриддиннинг телефон рақамини қолдиради. Ана энди сотувчи ва олувчи ўртасида келишувлар бошланади. Ниҳоят 2016 йилнинг 22 апрелида Фахриддин телефонда: "Масала ҳал этилди, Нанай қишлоғига қатнайдиган автомашиналардан 500 АҚШ доллари бериб юборсаларинг "товар" тезда қўлларингга етказилади" дейди. Мухтор Халилов билан унинг шериги Маъруф Абдуллаев аввалдан пулини жўнатиб юборишганди.
Роса ўн кун ўтгач, 2 май куни улар қўшни мамлакатдан хуфёна келтирилиб, яширилган "гашиш"ни олиш учун Намангандан Янгиқўрғон томон шошилишди. "Дамас"ни бошқариб бораётган Маъруф ҳам ёнидаги Мухтор ҳам ғоят қувониб боришарди. Белгиланган жойдан айтилган гиёҳванд моддани олишганида кайфиятлари янаям кўтарилди.
- Зўр иш бўлди-да,-манавуни ишбилармонлик дейилади,оғайни- Мухтор Маъруфга қараб мамнун жилмайди.
- Лекин эҳтиёт бўлишимиз шарт. Агар ишимизнинг "иси" чиқса, аяб ўтиришмайди бизларни,-деди бир неча бор судланган Маъруф кўпни кўргандек шеригига ҳушёрликни уқтириб.
- Қўрқаверма, ҳозиргача ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон уддаланди. Бу ёғиниям...
Унинг гапи оғзида қолди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари тезда қувончларини қайғуга айлантириб қўйишди. Рад этиб бўлмас далиллар олдида, уларнинг турли баҳоналари чиппакка чиқди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди Мухтор Халилов ва Маъруф Абдуллаевларнинг ҳар бирини 11 (ўн бир) йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига лойиқ деб топди.
Гиёҳвандлик ва гиёҳвандпурушликка жамиятимизда ўрин йўқ. Бу йўлга кирганларга шафқат қилинмайди. Чунки улар наинки ўзларига, атрофдагиларга ҳам катта зарар етказадилар.
Ҳақ НАЗАР.