Йигирма беш ёшли йигит ҳеч қаерда ишламай юрган. Тергов чоғида аниқланишича, бир гуруҳ кимсалар билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар эса қўшни Қир­ғизистон Республикаси фуқаролари бўлишган. Янгиобод қишлоқ фуқаролар йиғини Озод маҳалласи ҳудудидаги айланма йўлдан Носирбек у ёққа яширинча ўтади. Сўнг бу ёққа от олиб келаётганида чегарачи ҳарбийларнинг ўткир нигоҳидан қочиб қутулолмайди. Айбдор воқеа устида қўлга туширилади.

Қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтиш тартибларини бузган Н. Имомалиев охир-оқибат судланди. Унинг қилмиши Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисмининг "б" банди билан квалификация қилингани суд ҳайъати томонидан эътироф этилди. Жиноят ишлари бўйича Норин туман суди қонунбузарга жазо тайинлаш чоғида айбига тўла иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, шахсини, жиноят қилиш шароити ва сабабларини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги Қарорининг 37-бандига асосан жазони енгиллаштирувчи барча ҳолатлар жиноятни ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтиришини инобатга олди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қонун санкциясида назарда тутилмаган бош­қа енгилроқ жазо турини танлади. Яъни Носирбек Имомалиевга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаган ҳолда 3(уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси та­йинлади.

Қўлланилган жазо унга сабоқ бўлади, деб ўйлаймиз. Негаки, "Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади" дейдилар. Носирбек эса соғлом, ақли расо йигит. Ҳалол ишлаб, ҳамиша тўғри йўлдан юриб, кўнглидаги барча эзгу мақсадларига етишиш учун истиқлолли мамлакатимизда кенг имкониятлар яратиб қўйилганини яхши билишига ишончимиз комил.

Ҳақ НАЗАР.