У аҳолидан олма сотиб олиш учун "Форд-транзит" русумли машинасини бошқариб, Наманган шаҳридан Янгиқўрғон томон йўл солди. Туманнинг чекка ҳудуди бўлган Нанай қишлоғининг Мамай маҳалласига етиб борди. Бу ер Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Ахси тумани билан чегарадош. У қўшни давлатга ҳеч қандай рухсатномасиз ўтиб, яна Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўл билан кириб келаётганида ҳарбий назоратчиларнинг ўткир нигоҳидан четда қололмади. Заркент чегара пости чегара наряди аскарлари Бахтиёрни тўхтатишиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришди.
Ўзи учун кутилмаган ҳолдай туюлган ҳодисани у дастлаб хаспўштлашга уринди. Сувдан қуруқ чиқиш учун ўринсиз ёлғон-яшиқларни тўқиди. Гўёки маҳалла болалари кўрсатган йўлдан бораётганида чегарачи аскарлар тўхтатишиб, "Сен чегарадан ўтиб, чегара зонасида юрибсан" дея туҳмат ёғдиришганмиш. Ҳатто машинадан тортиб туширишиб, қўлларини боғлашиб, постга олиб келиб уришиб, бўш оқ қоғозга имзо чекишга мажбур қилишганмиш. Қирғизистон томонга ўтмаганмиш...
Судда эса гувоҳлар унинг гапларини чиппакка чиқаришди. Ёлғонлари фош бўлди. Шунингдек, жиноят ишидаги алоқа хати, билдирги, тушунтириш хатлари, маъмурий ушлаб келиш, автомашинани, воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари, карта-схема, фотосуратлар билан ҳам айби далилланди.
Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди Бахтиёр Боймирзаевни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 223-моддаси 2-қисми "в" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3(уч) йил муддатига ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Жиноят содир этишда фойдаланилган 8.425.300 сўмлик "Форд-транзит" автомашинаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 211-моддасига асосан жиноят қуроли деб топилиб, давлат фойдасига мусодара қилинди.
Ножўя қадам-кулфатли ҳар дам. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги зарур.
Ҳақ НАЗАР.