У 2015 йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига яна ишлагани жўнади. Савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлади. Қўлига пул тушиши билан "ALKАTEL" русумли уяли алоқа телефони сотиб олди. Телефон орқали интернетга уланди. "Одноклассники.ру" сайтига кириб, "простой парень" номли профил яратиб, видеороликлар билан танишди. Бу маълумотларга "класс" босиш йўли билан Ўзбекистондаги танишлари Мансур Эргашев ва бошқа вертуал сайтлардаги шахсларга ақидапарастлик ғоялари сингдирилган, аҳоли орасида ваҳима кўтаришга ҳамда жамоат хавфсизлигига путур етказишга қаратилган лавҳаларни тарқатишдан ўзини тия олмади.
Аслида у беш йилдан буён Москвага бориб-келиб юрган. Охиргиси, унга қимматга тушди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўтган йили 25 октябрь куни "Москва-Наманган" авиарейси билан учиб келган йигитни назардан қочиришмади. Шубҳалар далиллар билан исботланди. Тергов давомида масалага янада ойдинлик киритилди.
Суд Жаҳонгирмирзо Юсуповни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси 2-қисмида кўзда тутилган жиноят содир этганликда айбли, деб топди. Чунки, у диний-экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарғиб қилиш, ёйиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига, жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган материаллар тарқатган. Оқибатда унга 4(тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Суд жазоланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинлаган жазони шартли ҳисоблаб, 2(икки) йил синов муддати белгилади.
Адашганлик азияти ана шундай. Энди у қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри сабоқ чиқарса бас. Ана ўшанда иккинчи бундай боши берк кўчага кириб қолмайди.
Ҳақ НАЗАР.