Косонсой туманида "Қорадори" операцияси ўтказилаётган пайтда чиндовуллик Раънохон Холиқованинг ҳовлисида таъқиқланган экин экилганлиги фош этилди. Бу ерда 26 туп кўкнори ўстирилаётган экан. Ички ишлар ходимлари кўзидан паналаш учун тандир ичига, айвонга яширилган 10 туп (нам ҳолатдаги) кўкнори пояси топилгач, шубҳага ўрин қолмади. Уни қайнонаси тавсиясига кўра соғлигини яхшилаш учун фойдаланиш мақсадида ўстирганини айтгани билан Раънохон жазодан қутулиб қололмади. Чунки ўзини оқлашга бу баҳонаси ўтмади. Ахир дорихоналарда барча касалликларга дори-дармонлар етарли. Кўкнори эса зарарли экин.

Суд курсисига ўтирган аёл Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисмининг "а" бандида, 270 моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилди. Ҳар ойда топган даромадининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосига тортилди.

Раънохоннинг ҳамқишлоғи Эътибор Тожибоеванинг ҳовлисидаги деҳқончилиги янада "баракали" экан. 58 туп кўкнор ўсимлигию, 137 дона унинг бошоқлари топилди. Бу аёлга ҳам юқоридагидек жазо қўлланди.

Ана энди эътироз қилмасангиз керак. Кўкнори-хавфли ўсимлик. Уни ҳовлингиздаги экинлар орасига сира-сира киритманг. Бу билан кутилмаган кўнгилсизликларнинг олдини олган бўласиз. Соғлом турмуш тарзи - тинч, хотиржам ва бахтли ҳаёт асоси эканини доимо ёдингизда тутинг.

Ҳақ НАЗАР.