Судланувчи Муроджон Қосимов "Нилуфар Нозима мобил сервис" хусусий корхонаси ташкил этиб, ҳомийси ва раҳнамоси Анваржон Далиевга қўшилиб, жиноят кўчасига кирган. Яъни "Микрокредитбанк"нинг Чуст туман филиали билан тузилган 56-сонли кредит шартномасига асосан уяли алоқа ва интернет хизматлари кўрсатиш учун 60 миллион сўм пул-маблағ ажратилишига эришган. Бироқ ундан мақсадли фойдаланиш, 1 йил давомида қайтариш талабларини "унутишган". Қарзга олинган пул маблағни ўзларининг шахсий манфаатларига сарфлаб юборишган.
Бу ҳам етмагандай нақд пул тушумларини назорат касса машинасидан ўтказмасликка одатланишган. Иш юритувчи ва раҳнамо ўзаро жиноий тил бириктиришиб, 2009-2014 йиллар давомида 58 миллион 874 минг сўм пулни кирим қилмасдан тўғридан тўғри банкка топширишган. Аслида, хизмат тушуми маблағи жуда кўп бўлиб, бунинг бир қисмини шахсий манфаатлар учун олиб қолинаверган.
Ҳамтовоқлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3- қисмининг "а" банди, 189-моддаси 2- қисмининг "б" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилдилар. 2 (икки) йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йилга ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилиндилар.
Ҳасанбой Тожибоев эса Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоқ фуқаролар йиғинининг "Ўзбекистон" маҳалласи раиси лавозимида ишларди. У мансаб мавқеини суистеъмол қилиб, маҳалла котибаси Б. Худойназарова билан олдиндан тил бириктириб, нопок ишга қўл урди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 44- сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бандидаги "Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори даромад олаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш хақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинлансин" деб кўрсатилган талабларига зид равишда иш тутган. Жами 12.647.600 сўм миқдордаги бюджет маблағларини растарат қилиш йўли билан талон-тарож этган. Бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг "в,г" бандларида назарда тутилган жиноятга тўғри келади.
Ниҳоят жиноят туфайли етказилган моддий зарар 10.901.611 сўм Ҳ. Тожибоевдан ундириладиган бўлди. У 2 (икки) йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига лойиқ топилди.
Ана энди уларнинг кўзлари очилган бўлса ажаб эмас!...
Ҳақ НАЗАР.