У ўз қилмиши жирканчлигини, хатти-ҳаракати одамларга зиён келтиришини, ҳатто жамиятга хавф туғдиришини билмасмиди? Биларди. Афсуски, нафс йўлига кирди. Мамлакатдан ташқаридаги жинояткор шахсларнинг ҳамтовоғига айланди. Охир оқибат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳуш­ёр ходимларининг ўткир нигоҳидан четда қолмади.

Воқеа бундай бўлган эди. Убайдуллохўжа 2015 йилнинг 9 ноябрида қирғизистонлик Тақсир лақабли кимса билан телефонда боғланади. Гапни қисқа қилиб, дарров мақсадга кўчади.

- Менга "мол" керак, сизда борлигини эшитгандим.

- Хўп, одамларим сени топади, пулингга яраша олишинг мумкин.

Убайдуллохўжани кўп куттиришмади. 12 ноябрь куни Тақсирнинг вакили телефонда йўқлади. Янгиқўрғон туманининг Исковот қишлоғида учрашишга келишишди. Айтилган пулни, яъни 1200 АҚШ долларини Ҳожи отага тутқазишди.

- Эртага мол қўлингда бўлади, - деди у қатъий ишонтириб. - Савдогарда гап битта, - дея қўшиб қўйди.

Убайдуллохўжа 13 ноябрь куни 14.30 да яна кечаги жойда Тақсирнинг жиянини кутиб олди. Бу гал у қуруқ келмаганди. Улар бирга-бирга Косонсой шаҳридаги Бомраха маҳалласига келишди. "Мол" харидорнинг қўлига ўтди. У беҳад хурсанд. Ахир озгина эмас эди-да. Катта суммага пуллашни мўлжаллагани учун юзларига табассум югурди. У автомашинани бошқарганча "Ҳуррият" маҳалласидан ўтиб бораркан, кутилмаганда ҳуқуқни муҳофаза этувчи идора ходимлари тўхтатиш ишорасини қилишди. Автомашинадан таъқиқланган нарса-буюмлар чиқмади-ю, Убайдуллохўжанинг эгнидаги спорт кийимининг ўнг чўнтагидан қора ранг­ли целофанга ўралган тўртбурчак шаклидаги бир бўлак ўткир ҳидли жигарранг кўринишдаги модда чиқди.

- Бу нима?

У лом-мим деёлмай бош эгди.

- Саволимизга кимёвий экспертизадан жавоб оламиз, - дейишди қонун ҳимоячилари.

Ниҳоят ҳаммасига аниқлик киритилди. У гашиш гиёҳванд моддаси экан. Оғирлиги 198,73 грамм.

Ҳа, соғлом турмуш тарзи барқарор бўлган бизнинг жамиятимизда гиёҳвандликка ҳам, гиёҳванфурушликка ҳам асло ўрин йўқ. Айбдор қонуний жазога тортилди. Ашёвий далил эса тегишли тартибда йўқ қилинди. Демак, яна бир бор тарқалиши мумкин бўлган оғу тубан кимсаларга етиб боришининг олди олиб қолинди.

Ҳақ НАЗАР.