"Нима қилган эди?" деган савол туғилиши табиий. У вилоят ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими инспектори вазифасида фаолият юритарди. Кунлардан бирида бўлимга Саодат Турғунова кириб келди. Қизи Шаҳноза ва ўғли Абдураҳмонларга Корея давлатига бориш учун виза олиши кераклигини, ҳужжатларини бошлиқ М. Исмоиловга топширганлигини аммо кечиктирилаётганини айтиб, ишини тезроқ битказиб беришини сўрайди. Чўнтагига 100.000 сўм тиқиб кетишга мажбур бўлади. Лекин унинг виза беришни яна сансоларлик билан орқага суравергани учун Саодат ая бу гал ўғли тайёрлайдиган бокс қопидан олиб келиб беришини айтади. Кутганидай у бунга розилик билдиради. Ҳар бири 50 минг сўмлик 2 та бокс қопини 5 кундан ке­йин ваъдаланган жойдан М. Тожихонов олиб кетади.

Фақатгина шугина эмас. Жиноят ишидаги материалларга кўра, у мансабдор шахс бўла туриб, жиноий шериклари билан фуқароларнинг хорижий давлатларга чиқиш рухсатномалари бериш учун тўлайдиган 5.871.100 сўм маблағларни ўзлари банкка топширишини айтиб олиб қолаверган. Бироқ мансаб сохтакорлиги йўл қўйган. Тўпланган ҳужжатларга бошқа квитанцияларни ёпиштириб, давлат бюджетига тушиши лозим бўлган пулни ўзлаштириб, талон-тарож қилган. Ягона қасд билан қамраб олинган бири бирига ўхшаш яна бир неча қилмишлари ҳам фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди Маъруф Тожихоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167,209,210-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир қилишда айбдор деб топди. Унга 3 (уч) йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан, 8 (саккиз) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоларини тайинлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарорлари билан қамоқ жазоси муддати қисқартирилгани мамлакатимизда адолат ва кечиримлилик тамойиллари устуворлигидан, албатта. Ўйлаймизки, у қилмишларидан пушаймон. Келгусида жазодан тўғри сабоқ чиқариб, ҳалол ишлашга одатланади. Ахир "Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади" деган нақл бежизга айтил­маган.

Ҳақ НАЗАР.