Айтиш жоизки, ислом дини илоҳий таълимот бўлиб, у инсоний фазилатлар ва эзгу ғояларни ўзида мужассам этган диндир. Бирок турли ақидапараст ва террорчи ташкилотлар ғаразли мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама ва нотўғри талқин қилиб, одамларни тўғри йўлдан адаштиришга уринмоқдалар. Бунга мисол тариқасида "Туркистон ислом ҳаракати", "Ҳизбут-таҳрир", "Акромийлар'', "Нурчилар", "Таблиғчилар" ва "Жиҳодчилар" каби диний экстремистик оқимларининг илгари сурган ғоя ва қарашларини келтириш мумкин. Бундан кўзланган мақсад жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиш, ички парокандаликни келтириб чиқариш эканлиги ҳаётда ўз исботини топмоқда.
Маълумки, 2011-2014 йилларда баъзи араб мамлакатларида рўй берган ва ҳамон давом этаётган сиёсий низолар оқибатида қонли тўқнашувлар авж олди. Мазкур оммавий тартибсизликлар туфайли Тунис, Миср, Ливия, Сурия, Ироқ каби давлатларда ҳар йили минглаб кишилар қурбон бўлмоқда. Яқин Шарқ давлатларида бўлиб ўтган хунрезликлар, гўёки "араб баҳори" номи билан бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритаётганлар ҳам асосан динни ниқоб қилиб олган кучлар экани, улар экстремистик оқим ва террористик гуруҳлардан фойдалвнаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Ҳозирги кунда бутун дунёга таҳдид солишга уринаётган, ўзини "ИШИД" деб нохолис ном билан атаб олган жирканч тўда мисолида кўришимиз мумкин. Бу дунёга офат бўлаётган заққум ташкилотнинг илдизи террорчи гуруҳлар бирлашувидан вужудга келган бўлиб, ушбу ташкилот 2013 йили Суриядаги фуқаролар уруши даврида ўзининг вахшийликлари билан саҳнага чиқди. Шундан сўнг Ироқда ҳам жанг олиб борди. Бош қароргоҳи Суриянинг Раққа шаҳрида, Ироқдаги маркази эса Бақуба шаҳрида жойлашган. Бу газандалар тўдаси 2013 йилнинг апрелида "Ироқ Ислом давлати" ва "Ал-Қоиданинг" Сурия ҳудудларида фаолият юритаётган "Жабҳа ан-Нусра" гуруҳлари бирлашиши натижасида "Ироқ ва Шом ислом давлати" ташкилоти деб дунёга жар солди.
Ҳозир Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини босиб олган ИШИД нафақат ён-атрофдаги мамалакатларга, балки бутун дунёга хавф туғдирмоқда. Жумладан, Марказий Осиё давлатларига ҳам таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
ИШИД ислом динини ниқоб қилиб олиб, ўзича халифалик тузишга уринмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, барча мусулмон давлатларини ягона халифаликка бирлаштириш мақсади ҳам ҳеч ақлга сиғмайдиган сафсатадан ўзга иш эмас.
ИШИДнинг келажаги йўқлиги аниқ. Унинг фаолиятига эртами-индин барибир чек қўйилади. Бироқ ғаламисларнинг ғоялари унга эргашган ёшлар орқали ҳудди зарарли вирус каби тарқамоқда. Бу эса катта йўқотишлар ва оғир вазиятларга олиб боради. Масалан, Ироқ ва Сурия ҳудудидаги уруш кенг миқёсдаги талофатларга, барқарорликнинг издан чиқишига сабаб бўлди. Вайрон бўлган шаҳар-қишлоқлар, корхона ва ташкилотлар, ҳаробага айланган турар жойларни сон-саноғи йўқ. Энг ёмони, уруш сабабли дунёдан кўз юмган минглаб одамларни энди ҳаётга қайтариб бўлмайди.
Салбий таъсир шу ҳудуд билангина чекланиб қолмайди. Хориждан келиб, урушга қўшилган қанчадан-қанча лақма, ғўр ёшлар шу ерда ҳаёт билан видолашди. Омон қолганлари эса эртага юртига қайтиб боргач, қўпорувчи ғоялар тарғиботчисига айланади. Улар ўз юртида бузғунчилик қилмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Айтиш жоизки, 2014 йил 31 август куни Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" ҳиёбонида жамоатчилик вакиллари билан бўлган суҳбат асносида ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг "Ўтган давр мобайнида бизнинг эркин ва озод ҳаётимизни кўролмайдиган, бизни ўз танлаб олган йўлимиздан қайтаришга, эл-юртимизни яна қарамлик чангалига солишга уринадиган турли ғаразли кучларнинг ёвуз хуружларини ҳам бошимиздан кечирдик. Уларнинг нияти - аввало халқимиз ўртасига нифоқ солиш, ёшларимизнинг онгини, дунёқарашини бузиш, болаларимизни ўз ота-оналарига, аждодларига қарши қўйишдан, бир сўз билан айтганда, одамларни ҳаётдан ноумид қилишдан иборат бўлганини, бундай кучлар ҳозир ҳам пайт пойлаб юрганини ҳеч қачон унутмаслигимиз, доимо огоҳ, сергак, маънавий уйғоқ бўлиб яшашимиз керак", деб таъкидлашлари барчамизни қатъият билан жамият хавфсизлиги йўлида ҳаракат қилмоғимизни тақозо этмоқда.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили.