Асли тўрақўрғонлик бўлган А. Йўлдошев Норин туманида нима қилиб юрибди? Боз устига яширинча наша олиб келибди.
У гиёҳвандфурушлик кўчасига кирган. Вилоят наркологик касалликлар диспансери мутахассисларининг текширув хулосасига кўра, айбланувчининг ўзи гиёҳвандлик касаллигига чалинмаган, мажбурий даволанишга муҳтож эмас. Осон даромад топиш учун бошқаларни заҳарлашдан ҳам тап тортмаган. Меҳнатга бўйин эгишни истамаганлигидан 45 ёшдалигига қарамай ишсиз юришга одатланган.
Жиноят ишлари бўйича Норин туман судида у айбига қисман иқрор бўлиб, асоссиз баҳоналарни рўкач қилишга урингани билан рад этиб бўлмас далиллар олдида иложсиз бош эгди. Судланувчи юқоридаги ҳаракати билан, яъни ўз ёнида жами 991,21 грамм, кўп миқдордаги марихуана гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида сақлаб, ўтказишга суиқасд қилиб, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодекси 25, 273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган. Шунинг учун 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига гирифтор бўлди.
Гиёҳвандликка бизнинг жамиятда ҳеч вақт ўрин йўқ. Уни тарқатишга ҳам асло-асло йўл қўйилмайди. Билибми, билмайми бу тубанлик кўчасига кирган кимсаларга ҳеч вақт шафқат қилинмайди. Инсон соғлиги-инсон ҳаёти. Уни бало-қазолардан сақлаш доимий эътиборда, доимий назоратда.
Ҳақ Назар.