Унга пул зарур бўлиб қолди. Қўшнисига берган қарзи эсига тушиб, соткасидан қўнғироқ қилди.

- Яхши, Чорсу бозорига келавер, иложини топамиз,-деди Одил умидлантириб.

Учрашишгач, икковлари бирга-бирга Чустга йўл олишди. Шаҳарга кираверишдаги тиббиёт коллежи олдига етиб боришганида Одил "Нексия" ҳайдовчисига тўхташ кераклигини айтди. Баҳодирнинг қулоғига аввалдан қуйган ролини қойиллатиб ижро этишни тайинлаб, уни йўлда тушириб кетишди.

Кўп ўтмай телефони жиринг­лади. Бегона номер. Қулоғига тутди.

- Мен дўстинг Одилман,-деди қўшниси шошилиб, ҳозир киракаш ҳайдовчидан машиналарингни қайд этиш гувоҳномасини бериб юборяпман. Уч - тўрт соатларда Тошкентга етказиб боради. Мана, ўзинг ҳайдовчи билан гаплашақол.

Телефондаги овоз алмашди.

- Ака мендан бериб юборишяпти. Сиз ҳисоб-китоб қиларкансиз шундайми?

- Иложи бўлса, ёнингиздан 300.000 сўм бериб қўяверинг, мендан 325.000 сўм қилиб оласиз,- деди Баҳодир қаттиқ ишон­тириб.

- Бўпти, келишдик...

Қўшнилар мамнун ортга қайтишди. Иккисининг чўнтагида фирибгарлик йўли билан топилган пуллар.

Тошкентдаги автомашиналар олди-сотти бозорига боргач, киракаш ҳайдовчи чув тушганини англади. Сабаби, ҳужжатларнинг эгаси топилмади, товламачилик билан пулларини олганлар эса телефони қўнғироғига асло жавоб беришмас эди...

Қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқади. Баҳодир яна суд курсисига ўтирди. Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168, 227-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топди. Чунки у одамларни алдаб, ишончига кириб, ишончини суиистеъмол қилиш, авраш йўли билан ҳужжатларини олиб қўйган, яна шу ҳужжатларни гўё эгасига етказиш юмушини бажраётгандек ўзини тутиб, эвазига бошқаларнинг фирибгарлик билан пулини олишдан тап тортмаган. Лекин етказилган моддий зарарни қоплаганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилмади. ЖКнинг 59- моддаси талабидан келиб чиқилиб, 2(икки) йилу 9(тўққиз) ойга  аввалги жазосининг ўтолмай қолган қисмини ҳам қўшган ҳолда ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромади ҳисобига ушланган ҳолда ахлоқ тузатиш иши жазосини тайинлади. Шунингдек, энг кам ойлик иш ҳақининг 105(бир юз беш) баравари миқдорида жарима ҳам ундиришга қарор қилди.

Бугун фирибгарнинг фиғони фалак. Қаттиқ пушаймон чекмоқда. Қинғир қадамлик кулфатга ҳамдамликка олиб боришини яна унутмаса бўлгани.

Ҳақ НАЗАР.