- Ҳозир сизларга зўр нарса кўрсатаман,-деди у сюрприз қилаётгандек. Зум ўтмай Шуҳрат ўзи тайёрлаган "маҳсулот"ни улфатларига узатди. Тўқ жигарранг, қорамтир нарсанинг ёғда қовурилгани ҳидидан аниқ сезилиб турарди.
- Буни есангиз борми, кейин яна топиб беринглар деб қоласизлар! - Мақташга тушди у. Сўнгра оғзига солиб истеъмол қилишни ўзи бошлаб берди.
Икки меҳмон ҳам татиб кўришгач, сархушланишди.
- Ёввойи нашадан тайёрлагансанми? - Қизиқди Э. исмли меҳмон. - Қаердан топдинг хомашёсини?
- Узумини егину, боғини суриштирма деган гапни эшитмаганмисизлар, - деди илжайиб Шуҳрат. - Агар ёқиб қолган бўлса, яширманглар, топиб беравераман. Фақат пулини нақд санасаларинг бўлгани.
- Қанчадан?
- Бир ўрамига 30 мингдан бераверасизлар.
- 2 ўрам керак
- Эртага оласизлар...
Улар мамнун хайрлашишди. Эртаси куни Э. Шуҳратнинг уйи олдидаги канал ёқасига келганини телефонда маълум қилди. "Маҳсулот"ни тайёрлаб мижозни кутиб ўтирган "бизнесмен" тезда харидорнинг ёнида пайдо бўлди.
- Мана, бир ўрам, пулни узат!
Э. 30 мингни санаб, Шуҳратнинг қўлига тутқазди. Афсуски, бу унга қўйилган тузоқ эди. Ички ишлар бўлимининг сергак ходимлари гиёҳвандфурушни ўша жойдаёқ тўхтатиб, суриштирувни бошлаб юборишди. Ашёвий далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари олдида Шуҳратнинг асоссиз баҳоналари ўтмади.
Учқўрғоннинг Янгиер қишлоғида яшовчи Шуҳрат Камолов вилоят наркология диспансери хулосасига кўра гиёҳванд моддани истеъмол қилиши, 1-босқич гиёҳвандлик касаллигига мубталолиги, мажбурий даволанишга муҳтожлиги ҳам тасдиқланди.
Жиноят ишлари бўйича Норин туман суди уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасининг 5-қисми ҳамда 274-моддаси 2-қисмининг "в" банди билан айбдор топди. Шунга мувофиқ 8 (саккиз) йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллади.
Қалтис қадам-кулфатга ҳамдам, деганлари шу бўлса керак. Ҳали уйланмаган, ёш йигит ўзиниям, ўзгаларниям умрини заҳарлаётгани ғоят ачинарли. Қолаверса, гиёҳвандлар ҳам, гиёҳвандфурушлар ҳам жамият учун хавфли кимсалардир. Уларнинг пайини қирқиш шарт. Бизнинг соғлом турмуш тарзига асосланган жамиятимизда бундай шахсларга асло ўрин йўқ.
Ҳақ НАЗАР.