Улар шу йилнинг 2 мартида Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда кириб келишган. Аниқроғи, Зулхумор овсини Гулнора билан Наманган вилояти, Уйчи тумани Ровот шаҳарча фуқаролар йиғини Янгиҳаёт маҳалласидаги 3-Соҳибкор чегара постининг ўнг томонидаги Сассиқсойни кечиб ўтишган. Лекин ҳарбий назоратчилар уларни кўриб, тўхтатишган ва айблари учун баённома тузишган. Фотоилова ва чизмалар билан ишларини судга ҳавола этишган.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди масалани кўриб чиқиб, уларга айбларига яраша жазолар белгилади. Дастлабки терговда ҳар икки аёлнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисмини "б" банди билан тўғри квалификация қилингани эътироф этилди. Сабаби, улар бир гуруҳ бўлиб, белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонунга хилоф равишда ўтишган. Шунга қарамай, жазо турлари ва меъёрини тайинлашда, айбларига иқрорликлари, қилмишларидан пушаймонликлари ҳисобга олинди. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланди. Қонун санкциясида назарда тутилган жазодан бошқа енгилроқ жазони белгилаш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Суд Зулхумор Эсонбоева ва Гулнора Эргашеваларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 7(етти) баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Юқоридагилардан хулоса шуки, ножўя қадам қимматга тушади. Бундан кўра амалдаги тартиб-қоидаларга бўйсунган ҳолда қонуний равишда борди-келди қилиш афзал эмасми?! Худди шундай, буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги шарт.

Ҳақ НАЗАР.