У тунда йўлга чиққанди. Қозоқ миллатига мансуб Рома исмли шахс айланма йўллар орқали Эгамбердини Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудудига ўтказиб қўйишни ваъдалаганди. Албатта, қуруққа эмас, 200 доллар эвазига. Шунданми, жуда хотиржам эди. Бироқ, бу узоққа чўзилмади. Мутасадди ташкилотларнинг ҳушёр ходимлари ҳаракати билан айби фош этилди.

Аслида жиноятчига бундан оғирроқ жазо лойиқ эди. Адолатли жамиятимизнинг тартиб-қоидаларига кўра, яна унга шафқат қилинди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарорига мувофиқ судланувчининг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий шароитининг оғирлиги, жиноят натижасида зарар етказилмаганлиги инобатга олиниб, мазкур жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларга асосланилиб, ахлоқ тузатиш жазоси қўлланилди.

Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судида ҳам худди шундай масала муҳокама этилди. У қирғизистонлик Назокат Парпиева бўлиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 7 (етти) баробари миқдорида жарима жазосига тортилди.

Сабаби, Назокат Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Алабуқа туманидан Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Янгиқўрғон туманига яширин йўллар билан кириб келган. Бундай хатти-ҳаракат қонунга хилофлигини била туриб, унинг тартиб-қоидани менсимаслиги қимматга тушди.

Мамлакат чегаралари доимо дахл­сиз. Сарҳадларимизни ноқонуний кесиб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, қонунбузарлар шак-шубҳасиз жазодан қутулиб, қололмайдилар.

Ҳақ НАЗАР.