Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 21-моддасига мувофиқ ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– Меҳнат кодексида ва бошқа қонунларда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;

– иш берувчи томонидан меҳнат шартномасида шартлашилган иш билан таъминланиш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келадиган иш жойига эга бўлиш;

– ўз малакасига, меҳнатнинг мураккаблигига, бажарилган ишнинг миқдори ва сифатига мувофиқ ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;

– иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим касблардаги ва тоифалардаги ходимлар учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган дам олиш;

– хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларига эга бўлиш, шунингдек иш жойидаги меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;

– меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

– ўз меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига ва бошқа ташкилотларга бирлашиш;

– жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси, шунингдек улар шартларининг бажарилиши тўғрисида ахборот олиш, шу жумладан ўз вакиллари орқали олиш;

– меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ходимга меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш;

– ўз меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қонун билан тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш;

– меҳнат низоларини ушбу Кодексда, бошқа қонунларда белгиланган тартибда ҳал қилиш.

– Ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

З.СУЛТОНОВА,

Чортоқ тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази

бош юрисконсулти.