Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика бўлими хулосасига кўра, Ҳусанбойдан ашёвий далил сифатида олиниб, текшириш учун тақдим этилган 2 дона 1 литрли банка, "Бонд" сигарет қутиси ва оқ қоғоз ўрамидаги кўринишларидан бир хил бўлган яшил рангли нарса наша ўсимлигига хос ҳидли бўлиб чиқди. Қуруқ ўсимликнинг майдаланган қисмлари ва барглари тарзидаги модда таркибида тетрагидроканнабинол сақлайди. Бу ҳақиқатдан ҳам наша ўсимлигининг юқори қисмларидан юлиб олиб тайёрланган. Марихуана деб ҳам юритилади. Умумий соф оғирлиги 228,91 грамм бўлиб, гиёҳванд модда ҳисобланади.

Орзуси ушалмаган Орзуқуловнинг жинояти рад этиб бўлмас далиллар билан исботланди, албатта. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 273-моддасининг 5-қисми билан айб­ли деб топилди. Ҳусанбой Орзуқуловга 10 (ўн) йил қамоқ жазоси тайинланди. Сўнг­ра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йил 14 ноя­брдаги "Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан аминистия тўғрисида"ги қарорининг 6-бандининг "а" кичик банди қўлланилиб, жазо учдан бир қисмга қисқартирилди. Энди унинг жазони ўташ жойида мажбурий равишда даволаниши ҳам белгилаб қўйилди.

Гиёҳвандлик - соғлиқ учун ўта хавфли ҳолат. Қолаверса, атрофидагиларга, бутун жамиятга зиён етказади. Бу иллатга ҳаётимизда асло ўрин йўқ!

Ҳақ НАЗАР.