Фуқаролик мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усуллари қарздорнинг асосий мажбурият бўйича ўзининг мажбуриятини бажармаган ҳолатларда кредитор манфаатларини қондириш воситаси бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 259-моддасига кўра мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги ушбу мажбуриятнинг (асосий мажбуриятнинг) ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Лекин асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Фуқаролик кодексининг ушбу моддасида биз мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг олтита энг кўп қўлланиладиган усулларини кўришимиз мумкин. Лекин ушбу рўйхат тўлиқ деб ҳисобланмайди. Сабаби, ушбу мода қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқа таъминлаш усулларини ҳам истисно этмайди.

Албатта, мажбуриятни таъминлашнинг у ёки бу усулини қўллашда унинг ўзига хос хусусиятларини ва унинг муайян вазиятларга нисбатан қўллаш имкониятларини ҳисобга олиши керак. Айтайлик, неустойка ва закалат бир вақтнинг ўзида фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликнинг чораларини ифодалайди ва улар сифатида қарздорни, ҳақиқатдан амалга ошадиган жавобгарликни қўллаш хавфи остида мажбуриятларни шундай усулда бажаришга ундайди. Негаки неустойка ёки пеняни белгиланган миқдорда ундириш кредитордан унчалик жиддий саъй-ҳаракатлар сарфланишини талаб қилмайди. Гаров, кафиллик, банк кафолати эса кредитор учун қарздор томонидан улар таъминлаган мажбуриятни бузган ҳолларда унинг талабларини қондириш эҳтимолини оширади.

Бундан ташқари, мажбуриятни таъминлаш усулини танлаш кўп жиҳатдан унинг туб маъносига ҳам боғлиқдир. Мисол учун, қарз шартномаси ёки кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар учун гаров, банк кафолати ва кафиллик каби усуллар энг аҳамиятли бўлиб кўринади. Шу билан бирга, агар гап пудрат шартномаси ва бошқалардан келиб чиқадиган ишни бажариш ёки хизмат кўрсатиш мажбуриятлари ҳақида кетса, неустойкани қўллаш афзалроқдир. Кредитор манфаати қарздордан пул суммасини олишдан эмас, балки муайян натижага эришишдан иборатдир. Мажбуриятни санаб ўтилган ҳар қандай усуллардан бири билан таъминлаш ҳам кредитор билан қарздор (ёки қарздорнинг мажбуриятини таъминлайдиган бошқа шахс) орасида мажбуриятлар ҳуқуқий муносабатини вужудга келтиради.

Искандар ЖАННАТИЛЛАЕВ,

Тўрақўрғон тумани

юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти.