Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг 16-моддасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Дарҳақиқат, ҳуқуқий маданияти ва маънавияти юксак инсон коррупциядан ҳазар қилади.
Таъкидлаш керакки, айримлар ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият деганда, фақатгина қонунларни билиш ёки улардан хабардорликни тушунадилар. Аслида, бу жуда кенг тушунча бўлиб, давлат ва жамият ривожланганлигини белгилайдиган муҳим омилларни ҳам ўз ичига олади. Яъни ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунларга онгли равишда бўйсунади, давлат ва жамият олдидаги фуқаролик масъулиятини ҳис қилиб яшайди. Бундай аслияти тоза одамлар шахсий манфаатини ҳеч қачон жамият манфаатидан устун қўймайдилар. Қаердаки шахсий манфаат жамият ва давлат манфаатидан устун қўйилар экан, ўша ерда жиддий муаммо пайдо бўлади. Жумладан, коррупция, таъмагирлик ва бошқа иллатлар вужудга келади.
Қонунчиликда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан, ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриши мажбурий этиб белгиланган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ҳам тиббиёт жамоаларида коррупцияга йўл қўймаслик, унинг ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий-маънавий иллатлари ҳақида тизимли равишда ҳуқуқий-маърифий ишлар олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши курашда қонун энг кучли қурол, албатта. Одамларнинг коррупцияга муносабатини белгилайдиган омил эса, бу – иймон, диёнат, юксак маънавиятдир. Ҳар бир тиббий муассаса раҳбари ходимлар онги ва қалбида қонунни муқаддас билиш, маънавий иммунитетни мустаҳкамлашга масъулдир. Коррупцион вазият юзага келмаслиги учун жамоатчилик назоратини кучайтириш, бунга жазо муқаррарлигини чуқур англаб етишлари учун тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш долзарб масаладир.
Дарҳақиқат, тизим вакилларининг ҳуқуқий онги ва маънавиятини юксалтириш уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, мамлакатимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси қарор топишига, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг бартараф этилишига хизмат қилади.
Маъмуржон ЭРГАШЕВ,
ВССБ бош юрисконсульти.