Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 149-моддасига асосан ҳуқуқлари бузилган шахс ўзининг бузилган ҳуқуқларини даъво қўзғотиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддат даъво муддати ҳисобланади. Бунда умумий даъво муддати уч йилни ташкил этади. Лекин қонунчиликда даъво муддати талаб қилинмайдиган талаблар, яъни даъволар ҳам мавжуд. Буни Фуқаролик кодексининг 163-моддасида кўришимиз мумкин. Булар:

– шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

– омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

– фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

– жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;

– мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, шу жумладан, эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузишларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига;

– мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо обектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;

– қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.

Бундан ташқари, даъво муддати оила муносабатларидан келиб чиқувчи талабларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш муддати Оила кодекси билан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг оила муносабатларида даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги 12-моддасида шундай белгиланган: "Оила муносабатларидан келиб чиқувчи талабларга нисбатан даъво муддати қўлланилмайди, мазкур кодексда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. Суд даъво муддатини белгиловчи нормаларни қўллашда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига амал қилади".

Юқоридаги моддада ҳам ҳимоя қилиниши даъво муддати билан чекланмаган талабларнинг тўлиқ рўйхати берилмаган. Бироқ санаб ўтилган айрим талаблар бўйича масала бошқача ҳал этилиши мумкин. Шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги алоҳида талаблар учун даъво муддати қонунда кўзда тутилиши мумкин. Лекин даъво муддати Фуқаролик кодексининг 1021-, 1022-моддаларида баён қилинган маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги талабларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Искандар ЖАННАТИЛЛАЕВ,

Тўрақўрғон тумани юридик

хизмат кўрсатиш маркази

бош юрист-консульти.