Вилоят ички ишлар бошқармаси ХООБнинг одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш билан боғлиқ аҳлоқ-одоб доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлинмаси инспектори Раҳматулло Жўраев норасмий равишда иш ўрганиш ниқоби остида юрган Дилмурод Абдураҳмонов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, профилактик ҳисобда турган Маҳбуба Шарипованинг хонадонига киришади. Бу ерда Гули ва Сетора исмли қизлар ўтирганини кўришади. Ҳуқуқбузарлик содир этилмаётганини билишади.

Бироқ шайтон уларнинг кўнглига қутқу солади. Мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқишади. Ғаразли ният билан қасд­дан ёлғон гапиришади.

- Ҳозир "Орият" тадбири кетяпти, - деди у қўл телефонини видеотасвир олишга созлаб. - Сизларни шармандали ишлар билан шуғулланаётганлар сифатида телевидениеда кўрсатамиз.

Бундай муносабатдан қизлар қўрқиб кетишади. Уй эгаси ҳам таажжубланади. Нима дейишини билмай қолишади. Шунда инспектор билан гаплашиб кўришни Дилмуроддан сўрашади.

- Шармандаликни истамасаларинг, 100 минг сўм берсаларинг, тасвир телевидениеда чиқмайди, - деди Дилмурод худди қизларнинг тарафини олгандай уй эгасини четга тортиб секингина.

Гули ва Сетора мезбонга қаради. Аёл ноқулай вазиятдан қутулиш учун пул топиш ҳаракатига тушади. 50 минг сўмни бир танишидан олиб, шу ернинг ўзида "кутилмаган меҳмон"ларнинг қўлига тутқазади. Телефондаги тасвирлар ўчириб юборилади.

Бироқ икковлон бошлаган ишни охирига етказишмагунча қўйишмайди. Яна уй бекасига қўнғироқ қилишади. Бозорни олдига тезда қолган 50 минг сўмни келтиришни талаб этишади. Ниҳоят айтилган сумма ҳам чўнтакларига тушгач, қувонишади-ю, бу узоққа чўзилмайди.

Хуллас, қонун барчага тенг. Қонунбузар қонун ҳимоячиси чув тушади. Уларнинг кирдикорлари фош қилинади. Жиноят ишлари бўйича вилоят судида кўриб чиқилади. Аслида жиддий айблари ўз исботини топганига қарамай, адолат, меҳр-шафқат тамойиллари устувор мамлакатимизда навбатдаги аминистия тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан аминистия тўғрисида"ги қарорининг 2-бандига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта судланаётган инспектор жазодан озод этилди.

Лекин ориятсизлиги, таъмагирлиги учун шармандаю шармисорликка учраган бу шахснинг қилмишлари бошқа касбдошларига ҳамиша қасамига содиқ, ҳалол ва фидойи бўлиш шартлиги сабоғини беради, албатта.

Ҳақ НАЗАР.