Коррупция мавзусининг долзарб эканлигига ҳеч ким шубҳа билдирмайди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида, анжуманларда, мажлисларда ва одамлар ўртасидаги ўзаро суҳбатларда ҳам алоҳида урғу бериб гапирилмоқда.
Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган йиғилишда шаҳар прокурорининг ўринбосари Б. Шодмонов, қонун ҳужжатларини ўрганиш, таҳлил қилиш бўйича мустақил эксперт М. Абдуллаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ички аудит бўлими бошлиғи А. Қирғизбоев, марказ бўлим бошлиқлари, марказ юристи, врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Унда "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун ва "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунчалар берилди.
Дастлаб, марказ бош врачи Н. Отамирзаев коррупция ҳар қандай мамлакат ва жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатишини, давлатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий функцияларининг талаб даражасида бажарилишига монелик қилишини айтиб ўтди. Шу билан бирга муассасада коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг шаҳар прокурорининг ўринбосари Б. Шодмонов ўз маърузасида коррупция ижтимоий барқарорликни издан чиқаришини, жамият аъзоларининг давлатга ишончини сусайтиришини бир қатор мисоллар билан тушунтирди. Шу билан бирга юртимизда мазкур иллатнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, бу каби жиноятчиликка нисбатан қатъий чоралар кўрилаётгани, шу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик, огоҳлик, жиддий масъулият талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
2017 йилнинг 3 январда имзоланган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни коррупцияга қарши кураш соҳасидаги жиддий қадам бўлиб, 6 боб ва 34 моддадан иборат. Мазкур қонунда "коррупция", "коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик" ва "манфаатлар тўқнашуви" каби тушунчаларга изоҳ берилган. Шунингдек, унда коррупцияга қарши курашнинг асосий тамойиллари сифатида қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, очиқлик, шаффофлик ва тизимлилик, давлат ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлиги, коррупциядан огоҳлантириш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги бўйича чора-тадбирлар устуворлиги келтириб ўтилган.
– Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ғоят муҳим масала ҳисобланади. Қачонки, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юксак бўлса, одамлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қила олади, – деди марказ юристи Қ.Тиллабоев.
Тадбир якунида марказ бош врачи Н. Отамирзаев барча ходимларни жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда фаол иштирок этишга чақириб, жиноятчилик ва коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйилмаса, бу иллатлар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтди.
Хулоса шуки, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ривожланишимизнинг устувор йўналиши бўлмоғи лозим. Зеро, коррупцияни йўқ қилиш мамлакатимиз келажак истиқболининг кафолатидир.
Бобур ХОЛБОЕВ,
Наманган шаҳар
прокурорининг ёрдамчиси.