Меҳнат қонунчилигида аёлларга бир қатор имтиёз ва кафолатлар берилган бўлиб, уларнинг аксарияти аёлларнинг меҳнат муносабатларига доир ҳуқуқларни таъминлашга ҳамда ҳимоя қилишга қаратилган десак хато бўлмайди. Шу ўринда айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида" ЎРҚ-798-сон Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган ҳамда 2023 йил 30 апрель кунидан кучга кириши белгиланган Меҳнат кодексида ҳам аёллар учун жуда кўплаб имтиёз ва кафолатлар мавжуд.

Энди бевосита Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланган имтиёзларни келтириб ўтамиз:

1. Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди. (129-модда).

2. Ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади. (392-модда).

3. Ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек хизмат сафарига юборилиши мумкин. (396-модда).

4. Уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади. Меҳнатига ҳақ тўлаш эса ҳар кунги тўлиқ иш давомийлигида ишлайдиган ходимлар учун белгиланган миқдорда амалга оширилади. (397-модда).

5. Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, тегишинча ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади. Шунингдек, ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди. (400-модда).

6. Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. (401-модда).

7. Иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт. (403-модда).

8. Аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади. (404-модда).

9. Икки ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига) дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда, ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган давомийликда берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ нафар фарзанди бўлган тақдирда, танаффуснинг давомийлиги камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача иш ҳақи бўйича ҳақ тўланади. (407-модда).

10. Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно. (408-модда).

11. Ҳомиладор аёллар вахта усулида бажариладиган ишларга (вахта усулида ишлаш ходимларнинг доимий яшаш жойига кунлик қайтишини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг доимий яшаш жо­йидан ташқарида меҳнат жараёнини амалга оширишнинг алоҳида шаклидир) жалб қилиниши мумкин эмас. (466-модда).

Бундан ташқари, шуни эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 148-моддасига кўра, аёлнинг ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳусанбой АҲМАДХОНОВ,

Тўрақўрғон туман адлия бўлими

юридик маркази бош юрисконсульти.