Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддасига асосан меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳам бекор қилиниши мумкин. Бунда, меҳнат шартномасини бекор қилиш тарафларда уни бекор қилиш истаги бўлмаган ҳолда ваколатли давлат органининг аралашуви ёки бошқа объектив хусусиятга эга бўлган ҳолатлар туфайли амалга оширилади.
Булар қуйидагилардан иборат:
– ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
– шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтган тақдирда;
- ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;
- ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
- ходимнинг вафоти муносабати билан;
- қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилиши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ходим бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга ёки муқобил хизматга чақирилгандагина амалга оширилиши мумкин.
Ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда меҳнат шартномасини бекор қилиш апелляция шикоятини бериш муддати ўтган бўлса ёки апелляция шикояти тегишли инстансия суди томонидан кўриб чиқилиб ҳукм кучда қолдирилган бўлсагина амалга ошириш мумкин. Лекин ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган бўлса ҳам башарти суд ҳукмида назарда тутилган жиноий жазо уни ишини давом эттиришга тўсқинлик қилмаса бундай ҳолда иш берувчи ходим билан бундай асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлмайди. (Масалан: жарима жазоси қўлланилса).
Ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ваколатли орган томонидан ёки иш берувчининг бевосита ўзи, шунингдек текширишлар ўтказиш давомида аниқланган қонунга зид келувчи ҳолатлар асос бўлиши мумкин. Бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш фақат агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилсагина йўл қўйилади.
Албатта, меҳнат қонунчилигида меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда бекор қилинганда ҳам агарда меҳнат шартномасини бекор бўлишида ходим айбдор бўлмаса уларни ижтимоий ҳимоялаш ҳамда айрим тоифадаги ходимларга қўшимча кафолатлар берилиши назарда тутилган.
Искандар ЖАННАТИЛЛАЕВ,
Тўрақўрғон туман
юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти.