У 1988 йилда туғилган. Кейинги пайт­да хорижда яшаб қайтган. Аниқроғи, 2012 йилнинг 28 октябрида Қирғизистон Республикасига бориб, у ердан "Бишкек-Уммон-Дубай" йўналишида Бирлашган Араб Амирликлари давлатига борган. Ўша жойда 2014 йил декабрь ойигача яшаган, 31 декабрь куни Бишкекка қайтган. 2015 йил 3 январда Ош вилоятининг иккинчи айланма йўллари орқали Фарғона вилоятининг Водил чегара ҳудудидан Ўзбекистонга кириб келган. Тошкент шаҳрига кетаётганида Қамчиқ давонидаги чегара ҳарбий хизматчилари "Наманган ЙПХ" масканида тўхтатиб, текширувдан ўтказиш чоғида қонунбузарлиги маълум бўлган.

Тергов чоғида Муҳаббат Акрамованинг аччиқ қисмати аниқланди. У одам савдоси жабрдийдасига айланган экан. 2012 йилнинг октябри охирларида Муҳаббат Туркманистон давлати фуқароси - Хадича исмли аёл билан танишган. Унинг таклифига кўниб, Дубайга йўл олган. Манзилга етиб борганидагина ўйлаганлари сароб бўлиб чиққан. Алданганини сезган, бироқ энди кеч эди. Хадичанинг тазйиқи билан фоҳишалик азобини чеккан. Ниҳоят бир амаллаб ўтган йил сўнггида Қирғизистонга қайтиб келишга муваффақ бўлган. Айланма йўллар орқали Ўзбекистонга ўтиб олган.

Муҳаббат Акрамованинг хатти-ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Поп туман судида муҳокама этилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 2-қисми, "б,в" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланди, 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчига нисбатан ЎзЖКнинг 72-моддасига асосан шартли ҳукм қўлланилиб, 2 (икки) йил синов муддати белгиланди.

Демак, ватандан ташқарига ишлашга йўл олганда алданиб қолмаслик, фирибгарларнинг фирибига учмаслик зарур. Акс ҳолда Муҳаббатнинг бошига тушган кулфатларга дучор бўлиб қолиш эҳтимолдан ҳоли эмас. Ватанга қайтиб киришда эса айланма йўлдан юришга хожат йўқ. Тартиб-қоидага амал қилиш- кўнгилсиз кўргуликларнинг келиб чиқишнинг олдини олиш билан баробардир.

Ҳақ НАЗАР.