"Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 8 августдаги йигирма саккизинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.
Қонунда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш, эълон қилиш хавфи юзага келганлиги тўғрисида аҳолига хабар бериш, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг аниқ вазифалари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларига раҳбарлик қилиш каби жиҳатлар белгилаб берилган.
Қонунга кўра, фавқулодда вазиятлар рўй бериш манбаига қараб қуйидагиларга бўлинади:
- табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар;
- техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Фуқароларга фавқулодда вазиятлар зоналарида ишлаганлиги учун бепул тиббий хизмат, компенсациялар ва бошқа имтиёзлар берилади.
Прогноз қилинган ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг кўлами ва ҳолатига қараб муайян ҳудудда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг қуйидаги режимлари ўрнатилади:
- кундалик режим – муайян ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлмаганда;
- юқори тайёргарлик режими – фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлганда;
- фавқулодда вазият режими – фавқулодда вазиятлар рўй берганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга оид ахборотни яшириш, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этиш тақиқланади.
Давлат томонидан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳолати, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар, прогноз қилинаётган ёки рўй берган фавқулодда вазиятлар, улардан муҳофазаланиш усуллари тўғрисида ОАВ орқали аҳоли ўз вақтида ва ишончли хабардор қилиниши шарт.
Фавқулодда вазиятларни эълон қилиш:
- маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда – ҳокимларнинг тегишли қарорлари;
- республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда – Ҳукумат қарори билан амалга оширилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Янги қонун аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишда дастуриламал бўлиши шубҳасиз.
Раҳматулло СОБИРОВ,
ВССБ 2-бўлими раҳбари.