Меҳнат қонунчилигида аёллар меҳнати учун турли имтиёз ва кафолатлар белгиланган. Бу имтиёз ва кафолатларнинг барчаси халқаро ҳуқуқий норма, қоидаларга асосланади. Хусусан, "Аёлларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги Конвенцияда аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолият соҳасида эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлиши учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган ҳамда улар Конституциямизда, "Меҳнат кодекси" ва бошқа қонунчиликларда тўлиқ ўз аксини топган.

Амалдаги "Меҳнат кодекси"га асосан аёлларни ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи бунинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Бу тоифа аёлларни ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга мутлақо йўл қўйилмайди.

"Меҳнат кодекси"га асосан меҳнат шароити ноқулай ишларда, шу­нинг­дек, ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўллашнинг тақиқланиши белгилаб қўйилган. Хусусан, 224-моддага кўра, ҳомиладор ёки болали аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш мумкин эмас.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 5 январда 865-сон билан ҳисобга олинган "Хотин-қизлар меҳнатидан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш тақиқланган меҳнат қилиш шароитлари ноқулай бўлган ишлар рўйхати"га кўра, аёлларнинг улар учун мумкин бўлган меъёрдан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади. Бундай ишлар рўйхати эса, қонун ҳужжати асосида тасдиқлаб қўйилган.

Аёллар меҳнатини қўллаш тақиқланадиган шароити ноқулай ишлар рўйхати ҳамда юк кўтариш ва уни ташиш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари томонидан тасдиқланган. Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг иш меъёрлари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай, ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳоли бўлган ишларга ўтказилиши белгиланган.

Кодекснинг 228-моддасига асосан, ҳомиладор ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига кўра, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг 1-қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Отажон ЙЎЛДОШЕВ,

Наманган шаҳар адлия бўлими

ҳузуридаги давлат органлари ва

ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.