Коррупция давлатнинг ҳар томонлама ривожланишида тўсиқларга рўбарў қилувчи салбий омил экани барчага маълум. Ана шунинг учун ҳам мамлакатимизда коррупцияга олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар тизими яратилди.
2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни, "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони билан бу иллатга қарши курашишнинг янги услублари амалиётга жорий қилинган. Хусусан, "Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри" юритилиши амалиётга тадбиқ этилди.
Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
* давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
* сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
* давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши;
* уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши;
* давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши.
Шунингдек, Фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилди.
Декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади. Шунингдек, жорий йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисоб рақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланди.
Мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади. Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.
Шу билан бирга, 2021 йил 6 июлда "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинган. Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилина бошланди. 1 октябрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан махсус ишчи гуруҳ ва ички назорат тузилмаси ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашиш механизми ва ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда амалиётга тадбиқ этиш учун ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Коррупция хавфига энг кўп мойил бўлган функция ва лавозимлар рўйхати тузилди. Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди, уларни амалга ошириш борасида харита тузилиб, тегишли дастур яратилди.
Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тегишли буйруғига кўра, коррупцияга қарши курашиш ишларини амалга оширишга бошқарманинг барча ишчи-ходимлари масъул ва жавобгарлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, тизимимизда ходимларнинг ўз хизмат вазифа, бурчларига ҳалол ва сидқидилдан муносабатда бўлиш, одоб ва ахлоқ қоидалар ҳамда коррупцияга қарши курашишга оид ички тартибларга тўлиқ, холисона ва виждонан риоя этиш, манфаатлар тўқнашувидан (таъмадан, пора олишдан) сақланиш муҳимлигига устувор аҳамият берилмоқда. Зеро, коррупциядан ҳоли соҳа мақомига эришиш фаолиятимиз мезонига айланган.
Муҳаммадсоли ТЎРАБЕКОВ,
вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги
бошқармаси бошлиғи.