Нафс қутқусига учди у. Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлинмаси милиция таянч пунктлари профилактика инспектори Дилшод Назиров масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб ваколати доирасидан келиб чиқиб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш, пора олиш ёки пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этди.
Воқеа қуйидагича кечади: 2013 йил 26 июнь куни Тўрақўрғон шаҳрида фуқаро Н. Ҳамроқулов бошқариб бораётган "Нексия"га тўхташ ишорасини қилади. Ҳайдовчини спиртли ичимлик ичиб олганлигини аниқлайдию, чора кўрмаслик эвазига ундан икки дона "MSTART" русумли нархи 75.000 сўмлик автомашина амортизаторларини пора тариқасида олади. Орадан икки ҳафта ўтгач, 10 июль куни Сарой маҳалласида яшовчи Б. Валиевнинг уйига бориб, ҳамкасби М. Бўлакбоев билан уни спиртли ичимлик ичганликда гумонлаб, врач кўригига келтиришади. Гумон тасдиқланмагач, яна бўш келишмайди. Б. Валиевнинг "Дамас"ини жарима майдончасига қўйдиришади. Албатта, бу ноқонуний иш эди. Ҳайдовчи нима қилиб бўлса-да машинасини жарима майдончасидан олиб кетиш ниятидалигини билгач, эртасига Дилшод Назиров шериги билан гаплашиб, ҳал қилишига ишонтириб, унинг 400.000 пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Қонун барчага баробар. Жиноят жазосиз қолмайди. Формадаги фирибгар Дилшод Назировнинг қилмишлари жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида кўриб чиқилди. Суд уни 8 (саккиз) йилга озодликдан маҳрум этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарорининг 7-банди "а" кичик бандига асосан жазо муддати учдан бирга қисқартирилди.
Қонунбузар қонун ҳимоячиси қилмишидан беҳад пушаймон бўлгани табиий. У формадаги фирибгар сифатида хизматдошлари шаънини булғаганини ўйлаб виждони қийналаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Бироқ жиноятга жазо муқаррар эканлигини билиб, кўзи каттароқ очилиши шарт. Афсуски, энди кеч... У сафдошлари сафига ҳеч вақт қайтолмайди. Ички ишлар ходимлари орасида бундайларга ҳеч вақт ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳақ НАЗАР.