Конституциявий ислоҳотлар – халқимизнинг хоҳиш-истаги, эзгу мақсадлари ифодасидир. Айни кунларда мамлакатимизда яна бир муҳим сиёсий жараён бормоқда. Хусусан, халқимиз томонидан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича кўплаб таклифлар баён этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида қатор қимматли ғоя ва таклифларни ўртага ташлади. Жумладан, "Конституцияда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини дахлсизлигини кафолатлаш, хусусан суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт".
Бу таклиф жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг давлатимиз Бош қомусига киритилиши жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қилади. Зеро, қанчадан-қанча фуқароларимизни ўйлантириб келаётган масала бўйича жуда ҳам оқилона ва адолатли ечим топилади. Инсон учун ўзи ва оиласи яшаб турган уй-жойидан, кичик ватанидан маҳрум бўлиш қанчалик оғир қисмат. Ҳеч кимга сир эмас, ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда бирор-бир шахснинг мулки қонун асосида суд қарорисиз олиб қўйилиши мумкин эмас. Олинган тақдирда ҳам пули тўлиқ қоплаб берилиши керак. Конституциямизда айнан шундай қоидаларнинг қатъий муҳрланиши хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Мамлакатимиз Президенти томонидан олға сурилган барча таклиф ва ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда бағоят аҳамиятлидир. Муҳтарам Президентимиз томонидан сайловолди жараёнда илгари сурилган "Инсон қадри учун" тамойилининг том маънодаги амалий ифодаси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Конституцияда бундай қоиданинг белгиланиши уй-жой дахлсизлигини асосий инсон ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этиладиган универсал халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига ҳам тўлиқ мос келади. Қолаверса, оила ва уй-жой тушунчаларни бир-биридан айро кўролмайдиган халқимиз учун бу қувончли хабар.
Конституцияга киритиладиган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимча албатта, умумхалқ муҳокамасига қўйилиши зарур. Шу маънода, Комиссия таклифи асосида парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилгач, референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш таклиф этилди. Бу ҳам жуда тўғри қарор, деб ўйлайман. Халқимиз, бундан беш йил олдинги халқ эмас, бугун аҳолимизнинг дунёқараши, ҳуқуқий онги ва сиёсий фаоллиги ошган. Бу каби жиддий конституциявий ислоҳотлар халқ билан келишиб амалга оширилиши Янги Ўзбекистонда халқни фикри эшитилаётганлиги ва қадрланаётганини кўрсатади. Қолаверса, Конституциямизга киритилаётган ўзгаришларни ҳам умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиши, ҳам референдумга қўйилиши мамлакатимизда давлат сиёсатининг очиқлигини кўрсатади.
Конституцияга киритиладиган ҳар бир ўзгартириш ва қўшимчани умумхалқ муҳокамасига қўйилиши жуда муҳим таклиф. Сабаби, ушбу ўзгаришлар давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масаласидир. Ушбу жараёнда жамоатчилик фикри ўрганилиши ва инобатга олиниши Бош қомусимиз ҳаётийлигини ва мукаммаллигини таъминлаши шубҳасиз. Ҳар биримиз мамлакатнинг кейинги 10-20 йилдаги истиқболини белгилаб берадиган ушбу муҳим жараёнда фаол иштирок этишимиз зарур.
Конституциямизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир, деб белгиланган. Шундай экан, Конституцияга ўзгартириш киритишни халқ билан бамаслаҳат, референдум ўтказиш орқали қабул қилиш таклифи айни муддаодир. Референдум бу халқ иродасининг бевосита ифодасидир, референдумда қабул қилинган қарорлар эса халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин ифодасидир.
Солижон МЎМИНОВ,
Республика ихтисослаштирилган кардиология
илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори.