Ҳар қандай давлатнинг ўз тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, халқ­нинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқдир.

Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бу борада муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев: "Биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз" дея таъкидлаган эдилар. Шу боисдан ҳам ёшлар тафаккури софлигини сақлаш ва орзу-умидлари, интилишларининг мазмун-моҳиятини ўрганиш, улардан тегишли хулосалар чиқариш ва вужудга келадиган бўшлиқларни тўлдириш ўта долзарб вазифадир.

Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Улар том маънода Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Зеро, янги Ўзбекистон ёшлари – келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир. Бугун юртимизда ёшларнинг замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллашлари учун етарлича кенг имкониятлар ишга солинаётгани, хусусан, Президент ва ижод мактаблари ташкил этилаётгани заминида катта маъно мужассам. Ҳозир биз замонавий талаблар асосида жиҳозланган, барча шарт-шароитларга эга ўқув биноларида таълим олаётган ёшларнинг ютуқлари билан ҳақли равишда фахрлана оламиз. Нафақат бу эришилаётган муваффақиятлардан фахрланишимиз, балки буюк юрт фарзандлари сифатида Президентимиз, халқимиз, ота-онамиз ишончини оқлашимиз, мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур ва шарт деб ўйлайман. Токи, биз аждодларимиз билан фахр­ланганимиздек, келажакда авлодларимиз ҳам биз билан фахрланишсин.

Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда мамлакатимиз Бош қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига ҳозирги таҳликали замон ва мураккаб вазият туртки бераётганини таъкидлади. Учрашувда комиссияга ўзбекистонликлардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конс­титуциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этаётганини айтди. Айни кунда конституциямизнинг кўплаб моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бў­йича лойиҳа тайёрланди.

Масалан: 1-моддада. "Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунё­вий, демократик давлат. Давлатнинг "Ўзбекистон Республикаси" ва "Ўзбекистон" деган номлари бир маънони англатади" деб қўйилган. Энг эътиборлиси, энди ҳуқуқий, ижимоий, дунёвий сўзлари қўшилган. Бунда катта маъно-моҳият бор, албатта.

Конституция лойиҳасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларида биз каби ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам инобатга олинаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган замонда Ўзбе­кис­тонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Биз бу Уйғониш даврини биринчи ва иккинчи Ренессанс давридаги ютуқ-тажрибалари ва аждодларимиз маънавий меросини пухта ўрганишимиз, моҳиятини чуқур англаган ҳолда, улардан кенг фойдаланишимиз зарур. Яна жадид боболаримиз каби саъй-ҳаракатларимизни ватанпарварлик, тинчликсеварлик,бунёдкорлик ғоялари билан давом эттирсак, эзгу мақсадларимизга тезроқ эришамиз.

Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида ёшларнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётгани қувонарли ҳолдир. Агар тарихга назар солсак, бу юрт қадимдан буюклар, Ватанини севувчи ватанпарварлар юртидир.Бугунги кун ёшлари олдидаги асосий вазифалардан бири шуки, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш учун улар билан фахрланишнинг ўзи билан кифоя­ланмай, янада юксак чўққилар сари астойдил ҳаракат қилиниши шарт. Бунинг учун етарлича вақт, имконият,қулай шароит, давлат эътибори мавжуддир. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: "Бизнинг томирларимизда ана шундай улуғ боболаримизнинг қони оқар экан, уларнинг муносиб ворислари бўлиш, улар каби юксак мақсадлар сари интилиб яшаш барчамизнинг эзгу бурчимиздир".

Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, бугунги таҳликали, турли манфаатлар тўқнашуви содир бўлаётган шиддатли даврда юрт учун, унинг ривожи учун виждонан ўз меҳнати билан ҳисса қўшадиган изланувчан ва интилувчан ёшлар жудаям зарур. Шахсан менинг ўзим танлаган соҳам бўйича етук мутахассис бўлиб етишиб, Янги Ўзбекистонимнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда сиё­сий ривожланиши учун бор билим ва бор кучимни ҳеч аямай сарфлайвераман.

Шукуржон АБДУВОҲИДОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик университети

сиёсатшунослик йўналиши 2-босқич талабаси.