Агар Сиз ҳомиладор бўлсангиз ва ҳомиланинг ривожланиш босқичи 12 ҳафтага етган бўлса, зудлик билан доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган жойингиз бўйича оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда рўйхатдан ўтишингиз лозим.
Бунинг учун Сиз паспортингиз ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат билан, у бўлмаганда маҳалла фуқаролар йиғинининг маълумотномаси асосида маҳаллий поликлиникада (ёки оилавий шифокорлик пункти) диспансер кузатувига олинади. Ҳомиладор аёлларни рўйхатга қўйиш учун ҳақ ундирилмайди.
Тиббий кузатув ҳудудий доя ва тиббий патронаж ҳамшираси томонидан индивидуал амалга оширилади.
Ёдингиздан чиқмасин: ҳомиладор аёл далилларга асосланган маълумот ва замонавий технологияларга асосланиб, бутун ҳомиладорлик даврида 7 мартадан кам бўлмаган малакали антенатал парваришдан ўтказилиши лозим.
Шу билан бирга, Сиз ўзингиз хоҳлаган тиббиёт муассасасида тиббий ёрдам олиш, шу жумладан, фарзандингизни дунёга келтиришингиз мумкин. Бунинг учун доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойингиз бўйича туғруқхонагагина мурожаат қилишингиз шарт эмас.
Туғруқхона хизматлари бепул бўлиб, барча харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Айрим дори воситалари ва тиббиёт муассасаси томонидан кўрсатилган қўшимча хизматлар учун белгиланган тартибда тасдиқланган миқдорларда ҳақ ундирилиши мумкин.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ходимга у ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтган оилавий поликлиникадан ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасидан бошлаб берилади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси корхонанинг кадрлар бўлими, у бўлмаса бухгалтериясига топширилиши керак.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш вақти ҳақида иш берувчингизни олдиндан хабардор қилинг.
Ҳомиладор аёлга 70 (етмиш) календарь кун ва туққандан кейин 56 (эллик олти) календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади ва шу давр учун нафақа тўланади.
Қонун талабига кўра, ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан кам иш стажи бўлганда нафақа иш ҳақингизнинг 75 фоизи, 12 ойдан ошиқ бўлганда эса 100 фоиз миқдорида тўланади. Мисол учун 1 млн.сўм ойлик иш ҳақи оладиган аёл атиги 5 ой ишлаб "декрет таътили"га чиққан бўлса, унинг бир ойлик нафақаси миқдори 750 минг сўмни ташкил этади. Нафақа барча ойлар учун олдиндан тўлаб берилади.
Фарзанд туғилгандан кейин у албатта фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими, халқ тилида айтганда ЗАГС идорасида рўйхатдан ўтказилади ва унга туғилганлик ҳақида гувоҳнома (метрика) берилади. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун туғилганлик ҳақида туғруқхонадан берилган тиббий маълумотнома, ота-оналар ёки улардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёхуд никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.
Агар бола туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган бўлса туғилишини қайд этиш участка шифокори (фельдшер ёки акушер) томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида амалга оширилади.
Иқболжон ҲАКИМОВ,
Наманган шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти.