- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-911 сонли қарори, одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш борасидаги тадбирлар режа"си ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмасига асосан вилоятимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида норасмий ёки узоқ муддат хориж давлатларида бўлиб қайтган ўн минг нафардан зиёд фуқаро тор доирадаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувлар натижасида 285 нафар фуқароларда турли касаллик аломатлари аниқланди. Уларнинг 262 нафари амбулатор, 23 нафари стационар шароитда соғломлаштирилди. Ачинарлиси, улар орасида ОИВни юқтирганлар, сил касаллигига чалинганлар ҳам аниқланди ва барчалари диспансер назоратига олинди.
Вилоят даволаш-профилактика муассасаларида, шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмаларида одам савдоси жабрдийдаларига шошилинч, тери-таносил ва бошқа ижтимоий хавфга эга юқумли касалликлар аниқланган ҳолда ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Қолаверса, вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларида одам савдосидан жабрланганлар учун доимий ўринлар ташкил этилган. Шунингдек, аҳоли орасида тегишли идоралар билан ҳамкорликда одам савдосининг зарарли оқибатлари, асоратлари ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқдамиз.
Манзура ЭРГАШЕВА ёзиб олди.