Давлат томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган ҳар бир сўм ҳисоб-китобли. Режа ва натижа бир-бирига тўғри келиши шарт. Акс ҳолда "ҳотамтой" ҳисобот ходимлари ва масъул раҳбарлар ўзларига қувонч эмас, ташвиш орттириб оладилар. Минг афсуски, молиявий назорат чоғида бир қатор муассасаларда жиддий камчиликлар аниқланмоқда.
Масалан, вилоят болалар силга қарши курашиш санаторийсида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 7-бандига зид иш тутилган. Бош ҳамширанинг асосий ставкасига нисбатан 0,5 ставка ўриндошлик берилиши лозим бўлгани ҳолда 0,75 ставкада ишлашига йўл қўйилган. Оқибатда 2021 йил давомида жами 4 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланиб, 0,5 миллион сўм мажбурий ушланмалардан ташқари 3,5 миллион сўм ортиқча тўлаб юборилган.
Жамоадаги 9 нафар ходимга меҳнат таътили даврилари учун ҳам 1 миллион сўм иш ҳақлари ёзилган. 3 нафар мавсумий ходимга 900 минг сўм ортиқча тўлов қилинган. Яна таажжубланарлиси 1 нафар ходим интизомий жазо амал қилиб турганида 1,1 миллион сўм мукофот билан сийланибди.
Санаторий қошидаги мактабнинг 10 нафар фан ўқитувчилари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 29 соат ўқув ва 23,4 соат педагогик юкламалар учун сохта ёзувлар билан ҳисобхонага топширилган табелга мувофиқ 1,2 миллион иш ҳақи ортиқча ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, 7 нафар жавобгар шахслар 0,2 миллион сўмлик камомадга йўл қўйишган.
Юқоридагидек камчиликларни Наманган шаҳар Давлатобод туман марказий шифохонасида ҳам кўрдик. Жумладан, 2021 йил штат жадвалида ўрта тиббиёт ходимларининг узлуксиз иш стажларига устамалар нотўғри белгиланган. Назоратда 5 та ҳолатда жами 7,9 миллион сўм ортиқча устама берилганлиги маълум бўлди.
Булардан ташқари пудратчи ташкилот "Наманган замин қурилиш" масъулияти чекланган жамиятга бажарилмаган ишлар учун 0,5 миллион сўм маблағ ўтказилиб, исроф қилинган. Фақат шугина эмас, 2021 йил давомида электрон шартномалар бўйича товар ва хизматлар учун 16,1 миллион сўм маблағ гаров сифатида биржа томонидан шифохона ҳисоб рақамидан ечиб олинган бўлса-да, таъминотчи ташкилотлар ҳам ҳозиргача электр плиталар, компьютер, калькулятор ва бошқа товарларни етказиб бермаганини қандай изоҳлаш мумкин?!
Давлат маблағи қонунга ва тартибларга мувофиқ ўрни-ўрнида, вақтида аниқ ҳисоб-китоб асосида сарфланиши шарт. Мутасаддилар барибир ҳар бир нотўғри хатти-ҳаракатлар учун жавоб беришади, албатта.
Абдуғани ҚИРҒИЗБОЕВ,
Наманган вилояти бўйича
ички аудит ва молиявий назорат
хизмати бошлиғи.