- Ойи Қозоғистонга ишга борсаммикин? - Маслаҳат солди Мавлуда.

- Қиз болага нима бор у ерда, эрта-индин тенгинг чиқса, турмушга узатишим керак-ку! - Эътироз билдирди Баҳри хола.

- Ие, ҳали тўйга тайёрмасмиз-у, тилла тақинчоқларниям зўрларидан ололганим йўқ.

- Бошқалардан сира кам эмасмиз, қизим меники тирикчиликка, сеники сеп-сидирғанга етиб қолар. Бошимизда отанг бўлмасаям, укангдан бошқа еб-киядиганимиз қайда. Қўни-қўшнилар ўртасида гап-сўзга қолиб ўтирмайлик!

- Соддасиз-да ойи, соддасиз,-эркаланди Мавлуда, - у ерда доллар тўлашади, доллар. Ҳали шундай бойиб кетамизки, устимиздан куладиганлар тилларини тишлашганини кўрасиз.

- Билмадим болам, билмадим, лекин сени бағримдан қўйворишга ҳеч кўнглим чопмаяпти.

- Ёлғиз эмасман, сира ташвишланманг, нариги "дом"даги Башорат опанинг қизи Саидани биласизу, у ҳам бирга бормоқчи.

- Иши оғирмасмикин? - Сал юмшади онаси.

- Ресторанда официанткалик дейиш­япти. Ойлигидан ташқари ҳар кунги чойчақасиям ўзимизнинг чўнтагимизга тушар экан.

- Сизларга иш топган киши тайин-ту­йинлими ахир?

- Қўшни қишлоқлик Боқи ака-да, унга Қозоғистон бир қадам, тагидаги машинасини елдек учириб, бориб-келиб юради.

- Унда майли, лекин ўзингга маҳкам бўл, юзимизни ерга қаратиб қўймасанг бас.

- Вой, ойижонимей, қизингиз ақлини йўқотадиган жиннивойларданмас, қолаверса у ерга ўйнаганимас, ишлагани кет­япмиз-ку...

Орадан бир ойча вақт ўтди. Мавлуданинг "Яхши етиб келдик, эртага хизматга чақиришади" деганича дом-дараксиз кетганлиги Баҳри холани эзиб юборди. Саиданинг онаси Башорат опа кунаро келиб "Сизнинг қизингиз менинг қизимни йўлдан урмаганида ҳозир юрагимни ҳовучлаб ўтирмасдим" дегани деган. Ниҳоят ярим кечада дераза олдида мижжа қоқмай ўтирган Баҳри холанинг телефони жиринглади.

- Ойи, Сизмисиз? - деди Мавлуда йиғламсираб.

- Тирикмисан, қизим? Нега индамайсан? Ё касалмисан?

- Яхшиман.

- Йиғлаяпсанми, тинчликми ўзи? Алло, алло!

Кутилмаганда телефон алоқаси узилди.

- Вой, ўлмасам, аҳволи ёмонга ўхшайди.

Баҳри хола эрталаб қўшни қишлоққа ўтиб, қизини олиб кетган Боқибойнинг эшигини қоқди. Остонада башанг ки­йинган қўнғиз мўйлабли йигит кўринди.

- Қизимнинг олдига обориб келсангиз,-дея зорланди, Баҳри хола.

- Хунук хабар борми? Капалаги учди унинг.

Йиғлаб қўнғироқ қилди.

- Шу холосми, соғинган-да, уйидан узоқда турганида ҳамманиям кўнгли бузилади-да, опа.

- Гапингизам тўғри,- ҳаяжони босилди Баҳри холанинг.- Мен бўлса ховотирга тушибман-а.

- Ҳали кўрасиз, қизингиз мусофирчиликка кўниккач, ўйнаб-кулиб телефонда гаплашади.

- Айтганингиз келсин, Боқижон, айтганингиз, - лекин барибир юрагим ғаш. Телефон рақамини берсангиз?

- Менда ҳам йўқ, хола.

- Нега бўлмайди, у ёқдагилар танишларингиз-ку!

- Ростини айтсам, менинг вазифам одам ташлаб келиш, у ёғи иш берадиганларга боғлиқ. Қизингизни мажбурлаган эмасман, "Хориждан иш керак-,"Тезроқ олиб боринг" дея ўзи истади, ўзи қистади. Энди у қайтишини кутяпсизми? Бировларнинг жарақ-жарақ пулларини санаб олиш у ердаям осонмас. Сабр керак, чидам керак.

Баҳри хола ўйлаб ўйига етолмасдан қолди. "Дом" йўлаги зинасида ўтирган Башорат опа унга кўзи тушиши билан ваҳима бошлади.

- Кеча кечаси эрим Қозоғистонга қатнаб юрадиганларнинг уйига борганди. Хунук гаплар топиб келди. Қизларимизни қулдай қийнашаркан.

Совуқ хабар Баҳри холани гангитиб қўйди. У деворга суянганича хушини йўқотди. Қўни-қўшнилар уйига олиб киришиб, "Тез ёрдам" чақиришди.

- Ҳеч кимга айтманг, бу сўзларни,- шивирлади кўзини очгач Башорат опага. -Қизларимиз шаъни булғанмасин. Эл ичида кейин қандай бош кўтариб юрамиз.

- Тўғри.

Икки ой деганда улар ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага бош уришди. Дарду хасратларини тўкиб солишди. Қандай қилиб бўлмасин, фарзандларини эсон-омон ўз бағриларига қайтариб келтирилишини ўтиниб сўрашди. Алданган ва адашганларни хориждаги аччиқ қисмат гирдобидан тортиб олиш осон кечмади. Ниҳоят улар юртларига, оилаларига қайтишди.

- Билмайин босдик тиконни, ойижон,-дея ўкириб-ўкириб йиғлади Мавлуда.- Бошимизга балоларни ўзимиз ёғдирдик, ўзимиз. Одамнинг қадри шу қадар ерга урилганини ҳеч ким кўрмаган. Мени кечиринг ойижон, мени кечиринг?!..

Эртаси куни Мавлуданиям, Саиданиям шифохонага гинеколог врач кўригига олиб боришди. Эшитган гапларидан "қизлар" ҳам, оналари ҳам ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетишмади. Эҳ-ҳа, энди оппоқ харир кўйлакларда покиза гўшангага кириш... бу улар учун армонга айланганди. Ҳали йигитларга севилишгаям улгурмаган қизлар фоҳишахона "малика"лари қаторига қўшиб юборилган, жирканч кимсалар чангалида номуслари топталган эди.

Суд мажлиси якунига етди. Темир панжара ортида қаноти қайрилган қушдек мун­ғайиб турган Боқижоннинг кўзларида жиққа ёш. Одамфурушликни касб-корига айлантириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари туфайли беш йил қамоқ жазосига лойиқ топилди.

- Ахир, сизга нима етмасди, дадаси! - деди пажара олдига келиб, аюҳаннос солган хотини Басира. - Уй-жойингиз, данғилламайди, тагингизда "Нексия" эди, боғимиз меваларидан ҳар йили миллион-миллион даромад топамиз. Шулар каммиди, сизга. Доллар ўлсин, доллар! Энди уйда чирқиллаб қолган ўғил-қизларингиз ота дийдорига бенасиб ўсадими? Наҳотки, шундай бахтдан пулни афзал кўрдингиз, пулни! - У залга ўгирилди. - Сенларнинг аввал ақлинг қайда эди, кўзларинг кўрмиди, молмисанлар биров етакласа эргашиб кетавергани. Агар хом хаёлга берилиб, Қозоғистонга чопмаганларингда мен ҳам оилабошимдан айрилмасдим, болаларим ҳам оталик меҳридан жудо бўлиб қолишмасди.

Аламзадаликда унинг жағи-жағига тегмас, оғзидан чиқаётган ҳақиқат ҳайқириғи алданганларни гўё чаёндек чақар, бирор кимса миқ этишга ботинолмасди.

Залдан чиқаётганлар ичида кимдир чидаб туролмади шекилли: "Алдаган эринг ҳам, унинг сўзларига лаққа тушган жабирдийда қизлар ҳам, оилангга кираётган даста-даста пулларни аввалроқ "Дадаси қаердан олдингиз?" демаган ўзинг ҳам айбдорсан, бечора синглим!" - дея бошини сарак-сарак қилиб ғудранди.

Содиқ САЙҲУН.