Абдулҳоди ИМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Тарихдан маълумки, коррупциялашган давлатда ривожланиш бўлмайди. Бу иллат жамият тараққиётига сезиларли равишда тўсқинлик қилади. Адолат, ҳаққонийлик ва эзгу мақсадлар сари интилишга путур етказади. Бу салбий омилнинг пайини қирққан ва унга кескин қарши тура олган мамлакатгина эмин-эркин равнақ топади.
Шу боис ҳам кейинги йилларда республикамизда коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Аввало, жиноятчиликнинг бу турининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 3 январда имзоланган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур ҳужжат асосида имзоланган қатор Президент Фармон ва Қарорларида жамият келажагига раҳна солувчи коррупцион ҳолатларга тугатиш, қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилган.
2021 йил 6 июлдаги "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармон ҳамда "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорнинг қабул қилиниши эса бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш вазифасини юклади.
Бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларида ҳам коррупцияга қарши кураш изчил олиб борилмоқда. Аввало, тиббиёт ходимлари ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида чора-тадбирлар белгиланган ва уларнинг ижроси таъминланмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, хусусан адлия ва прокуратура ходимлари иштирокида ҳуқуқий мавзуда мулоқотлар ўтказилмоқда. Коррупцияга кескин зарба беришга чорловчи тасвирий тарғибот воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Муассислигимиздаги нашрлар - "Шифокор ва ҳаёт" газетаси ҳамда "Тиббиёт ва замон" журналида мунтазам равишда мақолалар чоп этиляпти. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бошқарманинг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама этилиб бориляпти.
Лекин ҳали амалга ошираётган ишларимиздан қониқиш ҳосил қилиш мумкин эмас. Чунки, таҳлиллардан кўриниб турибдики, бу борадаги ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва унга чек қўйишда ҳали сезиларли натижага эришганимиз йўқ. Гап шундаки, соҳа ходимлари томонидан содир этилган жиноий хатти-ҳаракатлар аввалги йилдаги 20 тадан ўтган йили салкам 40 тага етганлиги ғоят ташвишлидир. Демак, олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишларимиз етарли эмас. Фаолиятга танқидий баҳо бериб, тизимда тартиб-интизомни тобора мустаҳкамлаш лозим.
Жорий йилдаги энг улуғ мақсадларимиздан бири тизимни коррупциядан холи соҳага айлантиришдан иборатдир. Бунинг учун изчил ва бетўхтов иш ташкил этиш ғоят муҳимлигини англаган ҳолда аниқ ва таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, ташвиқот-тарғибот тадбирлари кучайтирилади. Коррупциявий омиллар мавжуд бўлган фаолият йўналишларида талабчанлик ва қонунийликни , жамоатчилик назоратини таъминлашга устувор аҳамият қаратилади. Ходимларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш, қурилиш-таъмирлаш ишларини йўлга қўйиш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлар доимий диққат марказида бўлади.
Бир сўз билан айтганда, коррупцияга қарши кураш самарадорлигига эришиш энг муҳим вазифаларимиз қаторидан ўрин олган. Жиноятчиликнинг бу тури камайтирилмас ва тугатилмас экан, тизимда амалга оширилаётган хайрли ишлардан халқимиз ризолигини олиш жуда қийин кечади. Мансабдор шахсларнинг манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай кўринишларига кескин ва аёвсиз зарба бериш бош мезонга айланади. Зеро, "Инсон қадри учун!" ғояси мақсадларига етиш учун аввало ҳалоллик, адолат ва қонун устуворлиги жуда муҳимдир.