- Тур ўрнингдан, мен шу ерда фуқаролардан ариза оламан, - деди ички ишлар ходими Қобилжон Набиевга қараб.

- Бу жой ариза олишга ажратилмаган, - деди Фурқат Шариповга у таажжуб оҳанггида.

Сержантнинг тартибга риоя қилиш керак деган фикрини тўғри уқолмаган суд котиби кибирланиб сўкишга тушди.

- Оғзингизни йиғиштириб олинг! - деди Қобилжон. Атрофдаги одамлардан уялиб орқама-орқа хонасига киришга мажбур бўлган милиция ходими ўша заҳотиёқ панд еди. Фурқатни баттар жазава тутди. У билан гаплашиш бефойда эканлигини ҳис қилиб, Қобилжон ортига қайт­ди. Эшик тутқичини ушлаганида чап қўлтиғи остига зарба тушди. Қараса Фурқатнинг қонли қўлида қайчи турарди. Шунда командир К. Саматов кириб қолиб, ҳамкасби аҳволини кўргач, "Тез ёрдам"га телефон қилишга шошилди.

Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди мазкур ҳодисани кўриб чиқди. Фур­қат Шариповни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисмининг "г" бандидаги жиноятни содир этганликда айбли, деб топди. Айни пайтда унга нисбатан жазо тайинлашда муқаддам судланмаганлигини, айбига иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олди. Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаб енгилроқ жазо тайинлашни лозим топди. Фурқат Шариповга ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3(уч) йил муддатга аҳлоқ тузатиш жазоси тайинланди.

Ҳа, қонун ва тартиблар барчага баробар. Уни бузганлар ким бўлишидан қатъий назар жазосиз қолмайди.

Ҳақ НАЗАР.