Болам стационар шароитда даволаниши керак. Онаси - яъни менга болани парвариш қилиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериладими?
- Стационар шароитда 3 ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қаровни таъминлайдиган шахсга даволашнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (бюллетень) берилади.
Стационарда даволаниш вақтида боланинг касаллиги оғир кечган ҳолларда даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудирининг бемор бола қўшимча парваришга муҳтожлиги тўғрисидаги хулосасига асосан, ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига қаровни таъминлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёзилади.
ОИВ инфекциясини юқтирган боланинг ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига бола шифохонада ётган барча давр учун бирйўла меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади (Cоғлиқни сақлаш вазирининг АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган "Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида"ги йўриқноманинг 38-банди, бундан кейин - 2667-сон Йўриқнома).
Бола стационарга юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) бола стационарга қабул қилинган кундан ёпилади.
Агар бола стационардан чиққандан кейин унинг парваришга муҳтожлиги давом этса, стационарга қабул қилинган кунга қадар берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг кунлари чегирилган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) берилади (2667-сон Йўриқноманинг 34-банди).
Эслатиб ўтамиз, амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган 14 ёшга етмаган бемор болани парваришлаш учун унинг онасига умумий асосларда 14 календарь кунидан ошмаган муддатга, 14 ёшдан катта бемор учун 7 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Амбулатория шароитида 14 ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври 14 календарь кунидан ошганда, бола соғайгунга ёки сурункали касаллик кучайганда ремиссия даврига ўтгунга қадар бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) берилади. Ушбу ҳолатда боланинг олдинги касаллигига боғлиқ бўлмаган янги касаллик юзага келса ёки оиланинг бошқа фарзанди касал бўлиб қолса, умумий асосларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади.
Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Наманган вилояти Кенгаши раиси.