Мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг энг кам пенсия ва нафақа миқдорларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлари асосида 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб:
Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди.
Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди. Учқўрғон туманида бундай пенсия олувчиларнинг сони 3992 нафарни ташкил этди.
Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга етказилди. Туманимизда бундай пенсия олувчилар 2 906 нафардан иборат.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилди. Мазкур йўналиш бўйича туманда жами 340 нафар фуқарога шу миқдор белгиланди.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилиб пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланиши белгиланди.Ушбу йўналиш бўйича туманимизда 905 нафар боқувчисини йўқотганлик пенсия олувчиларнинг пенсия миқдорлари кўпайди.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди. Туманимизда 197 нафар боқувчисини йўқотганлик нафақа олувчиларнинг нафақалари шунга мувофиқ тўланади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилиб, 1060 дан зиёд болаликдан ногиронлик нафақаси олувчиларнинг нафақа миқдорлари оширилди.
Маъруфжон ИНОМОВ,
Молия вазирлиги хузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия
жамғармаси Учқўрғон туман бўлими бошлиғи ўринбосари.