Воқеа қуйидагича бўлган: Шуҳрат Дадабоев туман ички ишлар бўлими жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси тезкор вакили лавозимида 2001-2008 йилларда ишлаб, масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, моддий бойлик орттиришга интилган. Ўзининг жиноий шериклари қариндоши Т.Долимов ва туман ички ишлар бўлими жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ тезкор вакиллари И. Мамарасулов, Ф.Болтабоев ҳамда Б. Бобоевлар билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктирган. Аниқроғи, таркибида гиёҳванд моддалар бўлган таъқиқланган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштиришга даъват қилиб, уларни қизиқтириб, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланиб келган.

Жумладан, у ҳамкасби И. Мамарасулов билан 2002 йилнинг май ойида қариндоши Т. Долимовга ўзи истеъмол қилиши учун 150,0 минг сўм эвазига 10 дона гугурт қутисига жойланган "марихуана"ни сотган. Ке­йинги йилларда эса яна 25 та гугурт қутисидаги оғуни ўша шахсга пуллашган.

Фақат шу билангина қаноатланмай И. Мамарасулов иккови Т. Долимовни ҳамкорликка ёллашган. Қариндошининг "Чорбоғ" МФЙ ҳудудидаги 0,15 гектар шахсий ер участкасида 15 туп гиёҳванд экин ўстиришган. Т.Долимов 2005 йилнинг мартидан сентябригача парваришлаган. Кузга бориб, 2 туп гиёҳванд экинни ҳамда 1 миллион сўм пулни ўзларининг улушлари сифатида олишган. 2006 йилда бу ишни янада кучайтиришган. Энди экиннинг 10 тупи ва сотувдан тушган 3 миллион сўм ўзларига теккан.

2008 йилда гиёҳванд экин ўстиришни янада авж олдиришган. Топилган пулга "ВАЗ-2107" русумли енгил автомашинали бўлишни ниятлашган. Афсуски, мақсадлари пучга айланди. Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Косонсой туман ички ишлар бўлими ходимлари билан биргаликда "Қорадори" операцияси ўтказиш чоғида 384 туп наша ўстирилаётганини фош қилишди.

Хуллас, халқимизнинг "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади" деган нақли бежиз тўқилмаган экан. Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди 2014 йилнинг 11 ноябрида гиёҳванд воситалари бўлган экинни етиштириш ва сотиш билан шуғулланган тубан кимсалар ишини муҳокама этди. Шуҳрат Дадабоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 205- моддаси 2-қисмининг "в" банди, 270-моддаси 2-қисмининг "б" банди 273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил 2 (икки) йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. У узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳам тортилди.

Ҳақ НАЗАР.